“Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур”.
Аллоҳ таоло етимлар балоғатга етганларида уларнинг мол-мулкини тўла-тўкис ўзларига беришни амр этади, шунингдек, уларни (яъни етимларнинг молларини) ейиш ва ўзлаштириб олишдан қайтаради ва: “Ёмонни яхшилик билан алмаштирманг”, дейди. Саид ибн ал-Мусаййиб ва аз-Зуҳрийлар: “Етимларга семиз мол эвазига ориқ мол берманг. Иброҳим ан-Нахай ва ад-Даҳҳок: “(Етимларга) яхшилик эвазига бузуқ нарсаларни берманглар”, дедилар. Суддий айтади: “Авваллари баъзилар етимнинг молидан семиз қўй олиб, унинг ўрнига уларга ориқ қўй бериб, “Қўйга қўй”, дердилар, деди.
Аллоҳнинг каломи: Ва уларнинг молларини ўз молларингизга қўшиб еб юборманг. Мужоҳид, Муқотил ва Суфён ибн ал-Ҳусайнлар ушбу оятни тафсир қилиб: “Сарфлаб / еб юбориш учун уларни молларини ўзингизни молингиз билан аралаштириб юборманг”, дедилар.
Ибн Аббоснинг фикрича бу катта гуноҳдир. Мужоҳид, Икрима, Саид ибн Жубайр, ибн Сирин, Қатода, Муқотил, ад-Даҳҳоклардан ҳам худди шундай фикр ривоят қилинади.
Оятнинг умумий маъноси: уларнинг молини ўз молингиз билан бирга еб юбориш катта гуноҳдир, ундан сақланинг.
Суддий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: «Етимнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам у етим молини еганини дарҳол билиб олади».
Шу билан бирга, Нисо сурасининг 6 ояти асосида, уламолар етимни қарамоғига олган одам, агар камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб еса бўлади, яхшиликдан ортиқчасини ейиш эса ҳаром бўлади, дейишган. Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирган:
1. Қарз ҳисобида олиш;
2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш;
3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш;
4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз» дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар» (Бухорий ривояти).
Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Борди-ю, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилинади.
Манба: https://islom.uz/ да берилган мақола ҳамда машҳур муфассир Ибн Касирнинг тафсири таржимаси асосида тайёрланди.