“Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз”.
(“Тафсири Ҳилол”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси).
Эй иймон келтирганлар! Қарзларингизни берган миқдорингизда қайтариб олинг, лекин ундан ортиқ эмас. Берган қарзингизни йилдан йилга ўстириб, икки баравар ва ундан ҳам ортиқ қилиб олманг. Аллоҳдан қўрқинг ва сўдхўрликка берилиб қарзингизни икки баравар оширишга интилманг. Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан еманг. Шояд, рибо (судхўрлик)нинг катта ва кичик турларидан йироқ бўлиб нажотга эришасиз!
“Ал-Мунтаҳаб” – Ал-Азҳар ислом университети жамоаси тарафидан рус тилига таржима ва тафсир қилинган Қуръони карим асосида тайёрланди. Таржимонлар гуруҳи: Сумайя Мухаммад Афифи, Абду Салом ал-Манси, муҳаррир: Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Раъно Умаровна Хўжаева.
Кўриб турганимиздек, Аллоҳ таоло мўминларга фоиз эвазига қарз беришни ва шу йўл билан келган (тақиқланган) фойдага эришишни ҳаром қилди. Жоҳилият даврида араблар ҳам шундай қарз беришган экан, бунда агар қарздор олган пулини вақтида қайтармаса қарз фоиз туғаверган, агар олган пулини бир йил ичида тўлолмаса қарз икки бараварга ошаверган. Вақт ўтиши билан қарз миқдори ортиб, охир-оқибат ниҳоятда катта бўлиб кетган. Лекин оятни нотўғри тушуниб, берилган қарз устига озгина фоиз олса бўлар экан, икки баравар ортмаса бўлди экан, деб ўйламаслик керак, чунки Бақара сурасининг 278 оятида Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг”, деб хитоб қилади.