Барака ҳақида кўп эшитганмиз, бу тушунча бизга динимиз орқали кириб келган (бошқа дин вакилларида бу тушунча йўқ бўлса керак), халқимиз ичида энг кенг тарқалган дуо ҳам “барака топ(инг)”. Кўпчилик барака тушунчасини моддий неъматлар билан боғликликда кўради, лекин барака бундан кенгроқ тушунча. Келинг, барака нима эканлигини кўриб чиқамиз.
Барака – моддий ва маънавий неъмат-яхшиликларнинг зиёда бўлиши, униб-ўсиши, барқарор ва давомли бўлишидир. Барака вақтга тушса, уни кенгайтиради, инсон ўша вақт ичида кўп ишларни қилишга улгуради. Барака жасадга тушса, уни қувватли қилиб, кўп нарсага имконияти етишига сабаб бўлади. Барака аҳли-оила, фарзандларга тушса, уларнинг солиҳ, ахлоқли бўлишига сабаб бўлади. Барака пулга тушса, у пулнинг кўп нарсаларга етишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барака ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Сен: “Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку! У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир”, деб айт”. (“Фуссилат” сураси, 9-10-оятлар).
Инсон ернинг бу баракасидан фойдаланиши учун Аллоҳга иймон келтириб, Унга тақво қилиши керак. Роббимиз яна шундай марҳамат қилади:
“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (“Аъроф” сураси, 96-оят). Ушбу ояти каримадан, инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни у иймонли ва тақволи бўлиши лозим эканлигини англаб олсак бўлар экан. Чунки иймон ва тақво инсонни баракотли фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга катта-ю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.
Қуръон ва суннатдаги матнларни ўрганиб чиққан уламоларимиз баракага эришишнинг сабаблари қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар:
1. Аллоҳ таолога тақво қилиш ва Унга таваккул қилиш
“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (“Талоқ” сураси, 2-3-оятлар).
2. Қуръонни тиловат қилиш
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баракотли, муборак Китобни нозил қилган:
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади) (“Сод” сураси, 29-оят).
Мўминлар ушбу муборак китобга эргашсалар, ундаги ҳукмларга амал қилсалар, уни доим тиловат қилсалар, уларнинг қалбларида, иймонларида, амалларида барака бўлади.
3. Гуноҳларни тарк этиб, истиғфорни доим айтиб юриш
Маълумки, гуноҳлар инсоннинг умридан, ризқидан барака кетишига сабаб бўлади. гуноҳларни тарк этиш ва қилган хатоларига тавба қилиб, истиғфорда давомли бўлиш эса бараканинг келишига боисдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
“Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” (“Нуҳ” сураси, 10-12-оятлар).
4. Барака сўраб дуо қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига Аллоҳ таолодан барака сўраб дуо қилишни ўргатганлар. У кишига пишган янги мева олиб келинса, “Эй Аллоҳ, бизга шаҳримизда, меваларимизда, муддимизда, соъимизда кўплаб барака бергин” деб дуо қилардилар. Имом Муслим ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўп дуоларида Аллоҳ таолодан барака сўрардилар. Шунингдек, янги фарзанд кўрган, янги уйланган кишиларга ҳам барака тилардилар. Таом пайтида ҳам “Эй Аллоҳ, бизга ризқ қилиб берган нарсангда барака бергин, бизни мағфират этиб, ҳолимизга раҳм қилгин”, дердилар. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ризқда, мол-у дунёда, фарзандларда, илмда, амалда, кунларда барака беришини сўраб дуо қилишимиз керак экан.
5. Аллоҳ таолога шукр қилиш
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (“Иброҳим” сураси, 7-оят).
6. Ҳалол ризқ
Агар инсон ризқида, соғлигида ва фарзандларида баракани кўришни истаса, ҳалол касб қилишга ва ҳалол луқма ейишга астойдил уринсин, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқ юрсин! Меҳнат қилаётган жойида, хоҳ савдогар бўлсин, хоҳ қурувчи бўлсин, хоҳ ўқитувчи бўлсин, хоҳ шифокор бўлсин, ҳалол, омонатдор ва иффатли бўлиши шарт. Барча касб эгалари ўзлари меҳнат қилаётган жойларида ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, бировнинг мулкини ўзлаштириш каби ҳаром ишлардан сақлансинлар! Зеро, Ҳаким ибн Хизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса (яъни, сотувчи ва олувчи бир-бирига ғирромлик қилса), ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!” дедилар” (Ал Жоме Ас Саҳиҳ).
7. Силаи раҳм ва яхшилик
Инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Силаи раҳм, гўзал хулқ ва яхши қўшничилик юртларни обод этиб, умрларни узун қилади”. (Муттафақун алайҳ).
8. Вақтни тартибга солиш ва уни ғанимат билиш
Бир инсон 60-70 йиллик умри давомида бир неча юз йилда ҳам қилишга улгурилмайдиган ишларни қилиши унинг вақтига барака берилганидир. Масалан, Имом ал-Бухорий ҳазратлари 62 йил умр кўрганлар. Аммо ўзларидан шундай илмий мерос қолдирдиларки, у кишининг асарларини 1200 йилдан(!) дан ортиқ вақт ўтганига қарамай бутун ислом уммати ўрганишда давом этмоқда. Тасаввур қилинг, Бухородан Мадинаи Мунавварага бир неча соат ичида етказиб қўядиган учоқлар ҳам, истаган маълумотни бир неча сония ичида топиб берадиган интернет ҳам, ҳар қандай мамлакатдаги хоҳлаган одаминг билан гаплашиш имкониятини берадиган телефон ҳам бўлмаган, бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ойлаб, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ҳафталаб йўл юрилган замонларда шунақа илм қилиш, шунча асарлар қолдириш… Албатта, бу бир инсоннинг қисқагина умрига Аллоҳнинг баракаси берилганининг ёрқин кўринишидир.
Уйқудан эрта тонгда туриш ва ишни ибодатдан бошлаш ҳам вақтнинг баракали бўлишига сабаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Аллоҳ, умматимнинг тонггига барака бергин” деб дуо қилганлар. Шунинг учун инсон тонгда уйғонишга, эрта туришга ҳаракат қилиши лозим.
9. Садақа бериш
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
“Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” (“Сабаъ” сураси, 39-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақа, садақа қилиш ҳақида бундай деганлар: “Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофот етказгин”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш
Икки олам сарвари бўлган зотнинг барча суннатларига амал қилиш барака омилидир. Масалан, ўнг қўл билан овқатланиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни ювиш кабилар инсон ҳаётида бараканинг ошишига сабаб бўлади.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.
11. Кўпчилик билан бирга овқатланиш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишини тўйдирадиган овқат уч кишига кифоя қилади ва уч киши тўядиган овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар” (Ал Жоме Ас Саҳиҳ)
Аллоҳ таоло умримизга, ризқимизга, аҳли-оиламизга, юртимизга умматимизга барака ато қилсин!
Манба: http://old.muslim.uz/ дан олинган маълумот асосида тайёрланди.