Ислом банклари кўпроқ сармоядорлар ва мижозларни жалб қилиш мақсадида янги (инновацион) молиявий маҳсулотлар ва турли хизматлар учун бир нечта воситаларни тақдим этиш устида ишламоқда.
Омон Султонлигида ислом банкининг пайдо бўлиши, бу соҳада узоқ вақт давомида анча ривожланиб келган Кўрфаз, Осиё ва Европа мамлакатларига нисбатан кейинроқ бўлди. Бугунги кунда Омон Султонлигида жисмоний шахслар ва юридик ташкилотларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида иккита ислом банки ва анъанавий банклар томонидан очилган бир нечта ислом дарчалари фаолият кўрсатмоқда.
Бироқ, ислом банклари анъанавий банклар тарафидан катта рақобатга дуч келишмоқда, бу эса ўз навбатида Маскат фонд биржасида уларнинг акциялари қийматининг пасайишига олиб келмоқда.
Султонликдаги биринчи ислом банки “Bank Nizwa” 2015-йилда ташкил этилган. Унинг кетидан ўша йилнинг ўзида “Alizz Islamic Bank” ҳам ташкил этилди. Умуман олганда, Омон Султонлигидаги ислом банкчилигининг тарихи жорий асрнинг бошларига бориб тақалади, 2012-йилда мазкур соҳага тегишли биринчи қироллик фармони эълон қилинди. Унга кўра ислом банклари ва дарчалари, кўчмас мулк ва бошқа турдаги активлар билан боғлиқ аксар амалиётлар учун ҳар қандай тўловлардан озод қилинган эди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, мамлакатда ислом банки фаолияти ҳали ҳам аста-секин ўсиш босқичида. Улар мижозлар ишончини ошириш учун шариатга мос келадиган кўпроқ маҳсулот ва хизматлар таклиф қилишлари лозим. Ислом банклари ўз фаолияти ва лойиҳаларини такомиллаштиришлари, ҳамда маҳаллий, минтақавий ва халқаро майдонлардаги бизнес ривожланиши билан ҳамнафас бўлишлари керак.
Бугунги кунда Омон Султонлиги бошқа Форс кўрфази давлатлари орасида ушбу хизматлар бўйича энг тез ривожланиш кўрсаткичига эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ислом банк иши фаолиятига қизиқувчилар, уларнинг келажаги ёш мижозлар ва янги сармоядорларни жалб этиш, юқори малакали ходимлар ва бошқа бир қатор омиллар ҳисобига, порлоқ деб ишонадилар.
Бу саъй-ҳаракатлар давом этса ҳамда расмийлар ушбу банклар олдида турган масала ва муаммоларни ҳал қилишда бардавом бўлишса, шубҳасиз, ислом банк-молия соҳаси ва иқтисодиёт тармоқлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилишига эришиш мумкин бўлади.
Қўшимча равишда Омонда ислом банк-молия соҳаси ривожига оид қуйидаги мақолаларимизни ўқишингиз мумкин:
ОМОН МАРКАЗИЙ БАНКИ ЯНГИ ИСЛОМИЙ ПУЛ БОЗОРИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ АРАФАСИДА
ИСЛОМ МОЛИЯСИНИНГ ОМОНДАГИ МУВАФФАҚҚИЯТИ
КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ ВА ИСЛОМ БАНКЛАРИ: МАЛАЙЗИЯ ВА ОМОН МИСОЛИДА
(Манба: zawya.com)
*ушбу давлатнинг номи баъзи расмий манбаларда Уммон деб, бошқа баъзи манбаларда эса Ўмон деб ишлатилмоқда.