Ҳақ/мукофот эвазига маҳсулот етказиб бериш ёки хизмат кўрсатишни кўзда тутувчи шартномаларда (масалан олди-сотди, ижара, қурилиш, ишлаб чиқариш бўйича тузилган шартномалар) жазо/жарима қўлланишини кўзда тутиш ислом молиясида шарт ал-жазаи, яъни жазо шарти дейилади ва бунга рухсат берилган.
Агар шартнома тузган томонларнинг бири ўз мажбуриятларини келишилган муддатда бажармаса иккинчи томонга келишилган миқдорда пул, яъни жарима тўлайди. Масалан, истисна (буюртма асосида ишлаб чиқариш) шартномасида сотувчи (яъни, ишлаб чиқарувчи) харидорга буюртмани ўрнатилган муддатдан кечроқ етказиб берганлиги учун товон пули тўлашини назарда тутадиган банд кўзда тутилиши мумкин (бундай жарима сотувчи томонидан харидор учун буюртма нархини пасайтириш йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин).
Шу билан бирга, маҳсулотни ишлаб чиқариш / етказиб беришдаги кечикиш фавқулотда ҳолат (масалан табиий офатлар ёки пандемия каби форс-мажор ҳолатлари) туфайли юзага келган бўлса товон пули ундириш жоиз эмас.
Бундан ташқари, жариманинг миқдори, уни ундирувчи томоннинг ҳақиқий зарар / йўқотишларига иложи борича (кўпинча зарарларни 100 фоиз аниқлик билан ҳисоблаш иложсиз бўлади) мутаносиб бўлиши керак, чунки жарима миқдорининг асоссиз даражада кўп бўлиши (яъни, ҳақиқий зарарларга умуман боғлиқ бўлмаган миқдорда ундирилиши) иккинчи тараф учун адолатсизлик ва жабр бўлишини инобатга олиш зарур.
Биз аввалроқ молиявий шартномаларда жарима қўллаш масаласини кўриб чиққанмиз ва биз биламизки, шариатда тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун жарима белгиланиши ва ундирилиши бор, аммо ундирилган жарима фақат қарздорни интизомга риоя қилишини таъминлаш (яъни, тарбиявий мақсадда) учун қўлланади ва ундирилган жарима хайрияга йўналтирилади. Зеро, ундирилган жариманинг молиялаштирувчи томон мулкига қўшилиши рибо билан баробардир.
Ислом молияси бўйича билимлар ҳозирча бизнинг жамиятимизда етарли даражада шаклланмаганлиги учун кўпчилик жарима/пеня қўллашни динимизда бутунлай тақиқланган деб ўйлашади, аслида эса кўриб турганимиздек молиявий мажбуриятларни бажармаганлик ва хўжалик фаолиятидаги маҳсулотни ўз вақтида етказиб бермаганлик ёки кўзда тутилган хизматларни ўз вақтида бажармаганлик учун жарима қўллаш бошқа-бошқа нарсалар ва буларнинг ўз талаб ва шартлари бор.