Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорацияси (ITFC) Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳига киради. Ушбу ташкилот Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (OIC) аъзо давлатлар ўртасида савдони ривожлантириш мақсадида ташкил этилгандир.
Ўз амалий фаолиятини 2008 йил январ ойида бошланган ITFC, бугунги кунда IsDB гуруҳида савдо-сотиқни молиялаштириш билан шуғулланувчи ягона ташкилот ҳисобланади.
2008 йилдан буён ITFC Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатларга 51 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги маблағни савдони молиялаштириш учун ажратди. Ажратилган маблағлар шу мамлакатлар савдо салоҳиятини оширишга ва шу орқали дунё бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.
ITFCнинг МДҲ давлатларидаги фаолияти
- ITFC 2008 йилда импорт амалиётини молиялаштириш орқали Тожикистон ҳукуматига ёрдам берди;
- 2010 йилда ITFC Қозоғистон қишлоқ хўжалигини, буғдой экспортчиларини молиялаштириш орқали қўллаб қувватлади (мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири буғдой эканлигини инобатга олсак, ушбу йўналишни молиялаштириш самарасини тасаввур қилишимиз мумкин бўлади);
- Ўзбекистон 2019 йилдан бошлаб ITFCнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Аммо ITFC Ўзбекистондаги фаолиятини 2018 йилда бир нечта маҳаллий банклар билан ҳамкорликдан, тўғрироғи улар орқали ўрта ва кичик бизнесни уларнинг савдони молиялаштиришга бўлган эхтиёжини қондириш орқали қўллаб қувватлашдан бошлаган.
Ҳаммаси бўлиб, ушбу ташкилот тузилгандан бери МДҲ давлатларига ажратган маблағларининг умумий қиймати 1,2 млрд АҚШ долларига етди.
ITFCнинг МДҲ бўйича минтақавий стратегияси асосан қуйидагиларга қаратилган:
- хусусий тармоқ иштирокчиларига уларнинг савдо фаолиятини молиялаштириш доирасида кенг қамровли ечимларга асосланган хизматлар таклиф қилиш ва шу орқали молиялаштириш ҳажми ва турини кўпайтириш. Буни маҳаллий ва минтақавий молиявий муассасалар (ММ) билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда амалга ошириш;
- аъзо мамлакатларнинг стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар импорти ва экспортини молиялаштириш;
- ислом молиясини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб қувватлаш, савдони ривожлантиришга масъул ташкилотларнинг салоҳиятини кучайтириш, ҳамда минтақадаги савдо ҳамкорлиги йўлидаги хатти-ҳаракатларни қувватлашга ҳисса қўшиш.
ITFC шунингдек Ўзбекистонда молия муассасалари, ҳамда Марказий банк ходимлари учун ислом молияси талаблари асосида савдони молиялаштириш бўйича бир қатор ўқув курслари ва тренинглар ўтказди.
Биринчи шундай семинар 2018 йил май ойида БМТ Тараққиёт Дастури, Турк EXIM Банки ва Халқаро Савдо Маркази (ITC) билан ҳамкорликда “Савдони молиялаштириш савдони ривожлантиришнинг асосий омили” мавзусида ўтказилди. Ушбу тадбирда турли молия муассасалари, экспортни ривожлантириш ташкилотлари ва бир қатор йирик корпорацияларнинг 50 нафар вакили иштирок этди.
Иккинчи семинар маҳаллий молия муассасалари ва Марказий банк вакиллари учун 2019 йил январ ойида ўтказилди ва бу ўқув курси ҳам исломда савдони молиялаштириш масаласига бағишланди.
Учинчи семинар Банк тармоғини тартибга солувчи ташкилотлар ва бошқа алоқадор ҳукумат идоралари учун 2019 йил октябр ойида Истанбулда ташкил этилди.
Боғланиш
Twitter: @ITFCCORP
Facebook: @ITFCCORP
LinkedIn: International Islamic Trade Finance Corporation (ITFC)
Tel: +90 212 234 8100
Fax: +966 12 637 1064
E-mail: ITFC@itfc-idb.org