Жаҳон Банки маълумотларига кўра (2016) дунёда 767 миллион киши халқаро стандартларда белгиланган кунига $1,9 миқдоридаги минимал даражадан кам даромад ҳисобига кун кўрмоқда. Садақа ва ўзаро ёрдам эса ижтимоий адолат ва нисбий тенгликка эришиш борасидаги асосий тушунчалардан бўлиб ислом динида муқаддас саналади. Ижтимоий адолат ўрнатиш борасидаги вазифасидан келиб чиқиб бу тушунчалар инсон иймонининг асосий устунларидан ҳисобланади. Жамиятдаги тенгсизликни (камбағаллик, ночорлик ва ҳоказо) Ислом Ижтимоий Молияси (ИИМ) ёрдамида камайтиришга эришиш мумкин. ИИМ закот, вақф, садақа, қарзи ҳасана каби тушунчаларни ўз ичига олади ва шаръий ахлоқ ва адолат нормаларига асосланади.
Умуман олганда ИИМ молиявий жиҳатдан қийналган, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш орқали уларнинг жамиятдаги ўрнини тиклаш ва уларнинг янада ночорлик ботқоғига ботиб заифлашиб кетишининг олдини олади. Ҳар йили фақатгина закот орқали сарфланаётган маблағ шунчалик каттаки (500 миллиард АҚШ доллари), агар у тўғри тасарруф этилганда эди дунёда ночор мусулмон қолмаган бўлар эди. Ушбу келтирилган рақамлар шуни кўрсатадики мусулмон дунёси жуда ҳам бой, лекин афсуски ИИМ ишлаш тизими бутунлай издан чиққан. Биз ҳаммадан кўп пул сарфлаймиз, лекин ҳануз ҳаммадан ночор яшаймиз!
Закот ва садақа ночорликни камайтириш, маориф ва соғлиқни сақлаш, жойлардаги фавқулодда ҳолатларга ёрдам кўрсатиш каби масалаларда муҳим аҳамият касб этиши керак. Вақф эса, ўз навбатида, бой ва саҳоватли инсонлар билан муҳтожлар орасидаги ижтимоий фарқни камайтирувчи молиявий восита вазифасини бажариши лозим. Вақф амалиётидаги эгилувчанлик унинг эгасига тўғридан тўғри ёки молиявий воситачилар орқали (молиялаштириш ёки хизматлар кўрсатиш ва ҳоказо кўринишларда) етказиб бериш имкониятини беради.
Биламизки, молия институтлари мижозларнинг даромади, қарзни қайтара олиш салоҳияти ва гаровга қўйиладиган моли асосида иш юритади. ИИМ эса, одатий молия институтларидан фарқли ўлароқ, уларнинг талабларига жавоб беролмайдиган ночор табақалар билан ишлайди ва уларнинг кундалик эҳтиёжларини қондиришга ҳизмат қилади.
Бундан ташқари, вақф ва қарзи ҳасана одатдаги молия воситалари билан биргаликда “қоришма” молиялаштириш усули сифатида қўлланилиши мумкин ва бу орқали лойиҳанинг умумий қийматини камайтиришга эришиш мумкин (яъни, лойиҳа қисман фоизсиз қарз ҳасана орқали ва қисман исломий молия инструменти орқали (масалан муробаҳа ёки ижара) молиялаштирилади).
ИИМ воситаларини ҳаётга татбиқ этишда инновацияларга эътибор қаратиш керак бўлади. Хусусан, тезкор технологиялар, рақамли экосистема, закот ва краудфандинг платформаларини жалб қилиш орқали ИИМ бугунги кундаги амалиётни такомиллаштириш мумкин.
Табиийки, бу ишлар ҳалоллик, тўғри ва шаффоф бошқарув тизими, амалиёт қоидаларининг ишлаб чиқилишини талаб этади. ИИМ воситаларининг ночорликни камайтириш йўлидаги аҳамиятини англаб етиш, уларни тўғри тарғиб қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш вақти келди.