Жаҳон Банки маълумотларига кўра, (2016) дунёда 767 миллион киши халқаро стандартларда белгиланган – кунига $1,9 миқдоридаги минимал даражадан кам даромад ҳисобига кун кўрмоқда. Садақа ва ўзаро ёрдам эса ижтимоий адолат ва нисбий тенгликка эришиш борасидаги асосий тушунчалардан бўлиб Ислом динида муҳим аҳамиятга эга. Ижтимоий адолат ўрнатиш борасидаги вазифасидан келиб чиқиб бу тушунчалар инсон иймонининг асосий устунларидан ҳисобланади. Жамиятдаги тенгсизликни (камбағаллик, ночорлик ва ҳоказо) Ислом Ижтимоий Молияси (ИИМ) ёрдамида камайтиришга эришиш мумкин. ИИМ закот, вақф, садақа, қарзи ҳасана каби тушунчаларни ўз ичига олади ва шаръий ахлоқ ва адолат меъёрларига асосланади.
Умуман олганда, ИИМ молиявий жиҳатдан қийналган, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш орқали уларнинг жамиятдаги ўрнини тиклайди ва уларнинг янада ночорлик ботқоғига ботиб, заифлашиб кетишининг олдини олади. Ҳар йили дунё бўйлаб барча мусулмонлар адо этишлари керак бўлган Закот миқдори шунчалик каттаки (айрим ҳисоб-китобларга кўра, 500 миллиард АҚШ доллари), агар у тўғри тасарруф этилса, дунёда ночор мусулмон қолмаган бўлар эди. Ушбу келтирилган рақамлар шуни кўрсатадики мусулмон дунёси бой, лекин афсуски ИИМ ишлаш тизими издан чиққан.
Закот ва садақа ночорликни камайтириш, маориф ва соғлиқни сақлаш, жойлардаги фавқулодда ҳолатларда ёрдам кўрсатиш каби масалаларда муҳим аҳамият касб этиши керак. Вақф эса, ўз навбатида, бой ва саҳоватли инсонлар билан муҳтожлар орасидаги ижтимоий фарқни камайтирувчи молиявий восита вазифасини бажариши лозим. Вақф амалиётидаги қайишқоқлик унинг эгасига тўғридан тўғри ёки молиявий воситачилар орқали (молиялаштириш ёки хизматлар кўрсатиш ва ҳоказо кўринишларда) етказиб бериш имкониятини беради.
ИИМ одатий молия муассасаларидан фарқли ўлароқ, уларнинг талабларига (даромад, қарзни қайтара олиш салоҳияти ва гаров сингари) жавоб беролмайдиган ночор табақалар билан ишлайди ва уларнинг эҳтиёжларини қондиришга ҳизмат қилади.
Бундан ташқари, вақф ва қарзи ҳасана одатдаги молия воситалари билан биргаликда “аралаш” молиялаштириш усули сифатида қўлланиши ва шу орқали лойиҳанинг умумий қийматини камайтиришга эришиш мумкин (бунда лойиҳа қисман фоизсиз қарз ҳасана орқали ва қисман ислом молия воситалари орқали (масалан муробаҳа ёки ижара) молиялаштирилади).
ИИМ воситаларини ҳаётга татбиқ этишда инновацияларга эътибор қаратиш ҳам керак бўлади. Хусусан, тезкор технологиялар, рақамли экотизим, закот ва краудфандинг платформаларини жалб қилиш орқали ИИМ тизимини такомиллаштириш мумкин.
Табиийки, бу ишлар тушунарли қоидалар асосидаги шаффоф бошқарув тизими татбиқ қилинишини талаб этади. ИИМ воситаларининг ночорликни камайтириш йўлидаги аҳамиятини англаб етиш, уларни тўғри тарғиб қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш вақти келди.