Музораъа – арабча “зироат” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “ўстириш” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса “зироатда шерикчилик қилиш” маъносида қўлланилади.
Шариат нуқтайи назарига кўра, Музораъа – ҳосилни муайян нисбатда бўлиб олиш учун тузилган шартномадир.
Музораъа ер эгаси ва деҳқон (музоре) ўртасида тузилади.
Фақиҳлар, жумладан, ҳанафий ва шофеъий мазҳаби вакиллари, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар музораъа шартномаси жоиз, дейишган.
Икки томон (ер эгаси ва деҳқон) ўртасида музораъа битими кучга кириши учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим:
- Ер – экин экиш учун яроқли бўлиши керак.
Музораъа шартмомасидан кўзланган мақсад – ҳалол фойда олиш. Ер деҳқончилик қилиш учун яроқли бўлмаса, фойда ўрнига зарар кўрилиши мумкин.
- Шартнома тузувчи томонлар озод, балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида бўлиши, бир сўз билан айтганда, мукаллаф (яъни шарий ибодатлар фарз бўлган инсон) бўлиши керак.
- Шартнома муддати келишилиши.
Одатда, шартноманинг амал қилиш муддати ҳосил пишиб-етилиши учун кетадиган вақтни инобатга олган ҳолда белгиланади, ундан кам бўлмаслиги лозим.
- Уруғ / кўчат қайси томондан берилишини келишиб олиш.
Уруғ ер эгаси томонидан ҳам, деҳқон томонидан ҳам тақдим этилиши мумкин.
- Уруғ/кўчатнинг нави ва унга боғлиқ бошқа ўзига хос жиҳатлар ҳам келишиб олиниши лозим.
Чунки ҳосилнинг қанча олиниши аксар ҳолларда уруғ/кўчатнинг навига бевосита боғлиқ бўлади. Уруғ/кўчат нави айтилмаса, бу кейинчалик томонлар ўртасида низо чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
- Ҳосил қандай нисбатда бўлинишини олдиндан келишиб олиш шарт.
Бу ҳам келажакда зиддият келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллардан бири, шу сабаб иш бошида улушлар аниқ ифодаланиши керак. Ҳосил тақсимотида бир томон “мен фалон тонна ҳосил оламан, ундан ортгани сенга” дейиши ёки “бир гектардан чиққан маҳсулот меники, қолган бир гектардан чиққани сеники” дейиши жоиз эмас. Балки келишув умумий ҳосилнинг маълум улуши (тўртдан бир, бешдан уч каби) ёки муайян фоизи (80% га 20 % каби) кўринишида бўлса, тўғри бўлади.
- Шартнома кучга кирган вақтда деҳқон ердан фойдалана олиши лозим.
Ер эгаси бошқа биров билан шартнома тузиб қўймаган бўлиши ёки ерга бирор экин экилган бўлиши каби тўсиқлар мавжуд бўлмаслиги лозим.
- Ҳосил тақсимотга лойиқ нарса бўлиши керак.
Маҳсулотнинг поясини бир томон, мевасини бошқа томон олиши ёки буғдойнинг донини бир шерик, сомонини эса иккинчи шерик олиши каби ҳолатлар ҳам жоиз эмас. Бунинг ўрнига томонлар умумий ҳосилни ҳисоблаб чиқаришлари, сўнг уни аввалдан келишилган нисбатда бўлиб олишлари керак.
Музораъа қуйидаги уч ҳолатда тўғри бўлади:
- Ер ва уруғ ер эгаси томонидан; ерга ишлов бериш, бегона ўтлар ва касалликларга қарши дори воситалари қўллаш, экинларни парвариш қилиш каби бошқа харажатлар деҳқоннинг зиммасида бўлиши мумкин.
- Ер эгаси фақат ер тақдим қилиши; қолган барча харажатлар ва меҳнат деҳқоннинг зиммасида бўлиши мумкин.
- Ер ва бошқа барча харажатлар ер егасининг зиммасида; меҳнат қилиш деҳқоннинг зиммасида бўлиши мумкин.
Музораъа шартномаси юқорида кўрсатилгандек (тўғри) тузилса, чиққан ҳосил келишилган нисбатда тақсим қилинади. Агар музораъа шартномаси нотўғри тузилган бўлса, турли зиддиятларга киришмасдан оддий йўл тутилади, яъни ҳосилни уруғ эгаси олади, иккинчи томонга эса ўша пайтда, ўша ҳудудда, худди шу каби ишларни бажарган кишига бериладиган ҳақ каби ҳақ тўланади/берилади. Лекин бу миқдор (ҳақ) шартлашилган улушдан зиёда бўлмайди.
Қуйидаги ҳолатларда музораъа шартномаси бузилади:
Томонлардан бири вафот этса. Бироқ ўсимлик ўсиб турганда вафот этган бўлса, у ҳолда ҳосил йиғиштириб олунгунича музораъа ўз кучида қолади ва вафот этган томоннинг улуши меросхўрларига берилади.
Деҳқон вафот этиб қолган тақдирда, унинг ишини ким давом эттириши масаласи шартномада кўрсатиб ўтилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ерни сотишга мажбур бўлиб қолинса (масалан ер эгаси қарзга кириб қолса, суд/қози ҳукми билан ер сотилиши мумкин). Лекин экин униб чиққан бўлса, у ҳолда ҳосил йиғиштириб олунгунича кутиб турилади. Акс ҳолда деҳқоннинг ҳуқуқи поймол этилиши мумкин.
Хос ҳолатлар:
Келишилган муддат ўтса-да, экин пишавермаса, у ҳолда деҳқон ер эгасига қўшимча муддат учун урфга мувофиқ ижара ҳақи бериши лозим бўлади.
Экинни йиғиштириб олиш билан боғлиқ харажатлар ҳиссаларига қараб икки томоннинг зиммасида бўлади. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг наздида харажат деҳқоннинг зиммасига қўйилса, жоиз ва шунга фатво берилган.
Жавоб:
Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда саҳифада берилган саволнинг жавоби қуйидагича бўлади:
Музораъа шартномаси экин ердан униб чиққунга қадар давом этади ва у етилгандан сўнг ерда турган ҳолида иккала тарафнинг мулки ҳисобланади. Экин етилгандан сўнг баъзи фақиҳларнинг фикрига кўра экинни йиғиштириб олиш билан боғлиқ харажатлар битимдаги ҳиссаларидан келиб чиққан ҳолда икки томоннинг зиммасида бўлиши керак. Юқоридаги маълумотларда айтилганидек Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ (Абу Ҳанифанинг катта шогирдларидан бири), харажат деҳқоннинг зиммасига юклатилиши мумкин дейилган ва ушбу масалага фатво ҳам берилган. Бироқ ушбу мажбурият музораъа шартномаси тузилаётганда кўрсатилиши лозим бўлади. Акс ҳолда музоре (деҳқон) ҳосилни бир ўзи йиғиб олишдан бош тортиши мумкин.
Бу ҳолатда масаланинг иккита ечими бор:
- Деҳқон экинни йиғиб олиш шарти унинг зиммасида эканлиги шартномада белгиланмаганлиги сабаб бу ишни бир ўзи қилишдан бош тортиб, экинни йиғиштириб олиш билан боғлиқ харажатлар ҳиссаларига қараб икки томоннинг зиммасида бўлиши. Бу ҳолда экин шартномага биноан 50/50 нисбатда тақсимланади.
- Шартномада кўрсатилмаган шарт деҳқоннинг зиммасига юклатилаётгани учун тарафлар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда, баъзи фақиҳлар бу каби шартлар битим фосид бўлишига сабаб бўлади деганлар. Музораъа битими фосид (нотўғри) бўлганда эса ҳосилни уруғ эгаси олади (бу ҳолатда деҳқон), иккинчи томонга эса ўша пайтда, ўша ҳудудда, худди шу каби ишларни бажарган кишига ёки ҳудди шу каби ерни ижараси учун бериладиган ҳақ каби ҳақ тўланади.
Манба: “Кифоя” ва “Мухтасару Таҳанавий” китоблари.