Вақф муассасалари вақф мулкларидан олинадиган фойдани хайрия мақсадларига йўналтиришда жуда катта имкониятларга эга дейиш мумкин. Вақф муассасалари шахсий вақф жамғармаси, жамоавий вақф жамғармаси, вақф банки, хайрияга ихтисослашган алоҳида вақф ташкилоти кабилардан бири кўринишида ташкил этилиши мумкин.
Вақф банклари микромолиялаш ва хайрия ишларини юритиш мақсадида тузиладиган алоҳида банкчилик шакли бўлиб, ундаги барча молиявий амалиётлар шариат талабларига, шу жумладан, ислом банкчилиги тамойилларига мувофиқ ҳолда амалга оширилади.
Вақф банкларига маблағлар нақд пул кўринишидаги вақфлар (cash waqfs)ни жалб этиш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг бўш турган маблағларини мудораба, вакала каби шартномалар асосида омонат ҳисобрақамларига (депозит сифатида) қабул қилиш, ҳамда закот, эҳсон ва садақалар йиғиш ҳисобига шакллантирилиши мумкин. Банкка йиғилган маблағлар қарзи ҳасан кўринишида аҳолининг кам таъминланган қисмига ёки ишончли ва истиқболли лойиҳаларга эга микрофирмаларга ажратилиши, шу билан бир қаторда юқори даромадли соҳаларга инвестиция кўринишида киритилиши ҳам мумкин.
Вақф муассасасини банк даражасигача олиб чиқиш Туркия ва Бангладешда амалга оширилган бўлиб, Бангладешдаги бир қанча ислом банкларида алоҳида “Cash waqf based Mudaraba deposit accaunts” (нақд пул кўринишидаги вақфларга асосланган Мудораба депозит ҳисобварақлари) йўлга қўйилган. Бу жараёнда маблағ ажратувчилар робб ул-мал-сармоядорлар, ислом банки эса иш юритувчи-мудориб сифатида фаолият юритади ҳамда олинган фойда маълум нисбатда томонлар ўртасида тақсимланишига келишилади, зарар эса мудораба битимининг моҳиятига кўра сармоя эгасининг зиммасида бўлади. Банк олинган фойданинг ўзига тегишли қисмини маъмурий харажатларини қоплашга ишлатади, сармоя эгалари эса ўзларига тегишли фойдани яна ҳисобвараққа қайтариб қўйишлари ёки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга ишларга сарфланишига розилик беришлари мумкин.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Туркияда ҳам шариатга мувофиқ ишловчи алоҳида вақф банки ташкил этилган бўлиб, қуйида ушбу вақф банкининг шаклланиши ва ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотлар келтириб ўтамиз:
– Туркия 1980-йилларнинг биринчи ярмидан ислом банкчилиги хизматларидан фойдаланишни бошлаган бўлса-да, бу соҳада қилинадиган ишлар ҳали анчагина. Бундай банклар дастлабки даврда махсус молия уйлари (Special Financial House) деб юритилган. Бу атама вақт ўтиши билан ривожланиб борган ва бугунги кунда Туркиядаги ислом банклари “шерикчиликка асосланган банклар” (Katılım Bankacılığı) дея номлана бошлади.
– Туркия вақф мудирлиги (Vakıflar Genel Müdürlüğü), 1924 йилда махсус қонун асосида ташкил этилган бўлиб, ўша вақтда Усмонли империяси давридан қолган 52,000 атрофидаги вақф мулкларини бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олган. Мудирлик, асосан, вақф қилувчилар белгилаб берган хайрия ишларини амалга ошириш учун ушбу вақфларни бошқаради. Туркия вақф мудирлиги таркибига Мовий масжид ва Истанбул Буюк бозори каби йирик вақф иншоотлари ҳам киради.
Ислом тамойилларига асосланган хайрия ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркия вақф мудирлиги Ислом Тараққиёт Банки (ИТБ)га Туркия ҳудудида Мудирликка тегишли янги ислом банки очиш тўғрисида мурожаат қилди. Ушбу ташаббус Туркия ҳукумати томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, давлат банкларининг шерикчиликка асосланган банк соҳасига киришига йўл очиб берди ҳамда 2025 йилга бориб ислом банкчилигининг умумий банк тармоғидаги улушини 5-6 % дан 15 % га етказиш мақсадини қўйди. Натижада 2016 йил 17-феврал куни Туркия вақф мудирлиги қошида янги ислом банки – Vakif Katilim га асос солинди. Ислом Тараққиёт Банкининг мазкур кўмаги ислом банкчилигини ривожлантиришдан ташқари, Туркиядаги вақф ишларини ҳам қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда, чунки ушбу янги банкдан олинадиган фойдани вақф фаолиятига йўналтириш орқали Туркия вақф мудирлиги инсон ва жамият фаровонлиги ва тараққиётига сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда. Янги Ислом банки, фақат ислом молия муассасалари хизматларидан фойдаланишни афзал кўрган мижозларнинг эҳтиёжларини қондириш орқали Туркия молия соҳасини ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
(давоми бор)