Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос.
Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган.
(Кавсар сураси)
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. Бас, у зот уни ўз қўлари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибдир. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир»-дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
- Ийддан олдин олим кишилар кўпчиликка, унга оид ҳукмларни яхшилаб баён қилиб беришлари лозимлиги.
- Қурбон байрами куни биринчи қилинадиган иш ийд намозини ўқиш бўлиши кераклиги.
- Намоздан қайтгандан сўнг қурбонлик қилишга киришмоқ яхши эканлиги (Қурбонликни ҳайит кунлари ичида қилса бўлаверади. Аммо, энг афзали биринчи ҳайит куни намоздан кейин қилинмоғидир).
- Олдин ийд намозини ўқиб, кейин қурбонлик сўймоқлик мусулмонларнинг суннати эканлиги.
- Ийд намозидан олдин сўйилгани гўшт ўрнига ўтиб, ибодат ўрнига ўтмаслиги.
- Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сифатини биладиган кишилардан сўраб олиш кераклиги.
- Намоздан олдин сўйган одам, қайта қурбонлик сўймоғи лозимлиги.
ҚУРБОНЛИККА КИФОЯ ҚИЛАДИГАН ВА КИФОЯ ҚИЛМАЙДИГАН НАРСАЛАР
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: «Мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир.
«Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкидан бўлса, олти ойлиги бўлади.
Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўй ё эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилаверади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик».
Абу Довуд, Муслим ва Термизийлар ривоят қилган.
Ана ўшанда Жобир розияллоҳу анҳунинг айтишларича, етти кишидан битта туя ёки қорамол сўйилган экан. Ана ўша нарса шариатимиз ҳукмидир. Туя ва қорамол қурбонлик қилинадиган бўлса, улардан ҳар бирига етти киши шерик бўлса, бўлаверади.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас; ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон», дедилар»
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Ушбу ривоятдан қурбонлик қилиниши кўзланган ҳайвон нафақат ёш жиҳатидан, балки, соғлик ва кўриниш жиҳатидан ҳам талабга жавоб бериши, камчилик ва нуқсонлардан холи бўлиши лозимлиги билинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу масалага муҳаддислар, агар қулоғининг ярмидан кўпи кесик ва шохининг ярмидан кўпи синиқ бўлса, деган изоҳни киритишган. Фақиҳлар эса, бу ҳадиси шарифда гап баркамоллик ҳақида кетмоқда. Шунинг учун ҳам кифоя қилса, бўлди, дейдиган бўлсак, қулоғи кесик ва шохи синиқ ҳам кифоя қилаверади, дейдилар.
ҚУРБОНЛИКНИНГ ОДОБЛАРИ ВА УНИ САҚЛАШ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот: «Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ман қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб тўқчилик бўлганда эса, ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.
Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.
ҚУРБОНЛИК ҲАҚИДА ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР
Қурбонлик – қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Фуқаҳолар истилоҳида эса қурбонлик «Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир».
Ҳанафий мазҳаби уламолари қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим (яъни мусофир кишига қурбонлик қилиш вожиб эмас) ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади деганлар.
Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади.
Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейингина қилина бошланади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.
Манба: islom.uz сайти