Қарз ва савдо-сотиқнинг бирлашуви тақиқланганлигидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, қарз шартномаси бир неча битимларга мос келмайди ва буни “венчур сармояси” деб аталувчи, ўзида қарз ва мушорака шартномаларини бирлаштирувчи битим мисолида жуда яхши очиб бериш мумкин.
Кўп учрайдиган ҳолат: бир корхона 2 йил муддатга 6000 АҚШ доллари миқдорида маблағ сўраб молия муассасасига мурожаат қилади. Шу билан бирга, корхона молия муассасасига яна бир қўшимча шартнома имзолашни таклиф қилади. Ушбу қўшимча шартномага кўра, икки йилдан сўнг молия муассасаси ўзи тақдим қилган 6000 доллар маблағни қайтариб олади ёки унинг ўрнига ушбу корхонанинг 6000 дона акцияларини олади. Агар корхонанинг фаолияти яхши бўлса молия муассасаси корхонанинг акцияларни сотиб олишга қизиқади (чунки акциялар баҳоси берилган қарз миқдоридан баландроқ бўлади). Аммо корхонанинг фаолияти яхши бўлмаса у ҳолда молия муассасаси ўзи тақдим қилган 6000 долларни қайтариб олади. Бу худди анъанавий кредит шартномасига ўхшайди.
Мана энди, ушбу ҳолат ислом фиқҳул муомаласи тамойилларига мос ёки мос эмаслиги юзасидан савол туғилади.
Кўриб турганимиздек бунда кредит шартномаси ва бизнес шерикчилик шартномасининг бирикмаси қўлланиши кўзда тутилмоқда.
Албатта, бундай “молиялаштириш” кредит сифатида кўрилади ва бундай бирикма исломда тақиқланган, чунки молиялаштирувчи томоннинг корхона фойдасидан тўлақонли шерик бўлмаган ҳолда улуш олиши ёки корхона акцияларини бозор нархидан арзон сотиб олиши қарз бериб фоиз олишга тенг бўлади. Бу, бир савдода икки савдони жам қилиш бўлади, бундай савдо эса Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги машҳур ҳадисларига кўра тақиқлангандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: : «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир савдода икки савдони қилса (амалга оширса), унга иккисидан ками ёки рибо (бўлади)», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган ва саҳиҳ дейишган.
Бундан ташқари, бу каби битимлар исломда савдо ва қарзни бирлаштириш тақиқи остига ҳам тушади. Бундай битим шунингдек мавҳумлик/ноаниқлик, яъни ислом молиясида тақиқланган “ғарар”ни ўз ичига олади, чунки шартнома тузиш пайтида молиялаштирувчи томоннинг бизнес ҳамкор ёки қарз берувчи эканлиги аниқ эмас. Бундай мавҳумлик (яъни ғарар) эса шартномани ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан ботил (бекор) қилади.
Манба: The Combination of Contracts in Shariah: A Possible Mechanism for Product Development in Islamic Finance, Mohammed Burhan Arbouna