Мақоламизнинг аввалги қисмида айтиб ўтганимиздек марҳумнинг ортидан қолган ота-онаси ва бобо-бувилари фарз эгалари қаторига киради ва улар мерос илмида “асллар” деб номланади.
Ота-онанинг меросдаги улушлари бўйича кўрсатма “Нисо” сурасининг 11-оятида қуйидагича келган:
﴾وَلِأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِنْ كَانَ لَهُ وَلَدٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ الثُّلُثُ فَإِنْ كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلِأُمِّهِ السُّدُس﴿
“Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир…”.
Ушбу ояти каримага мувофиқ ота-онанинг меросдаги улушлари қуйидагича бўлади:
1. Отанинг меросдаги ҳолатлари
Ота ҳар доим меросга ҳақдор инсон ҳисобланади. Гоҳида фарз эгаси сифатида, гоҳида асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида, гоҳида эса ҳам фарз эгаси, ҳам асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида мерос олади. Демак, отанинг мерос олиш бўйича 3 та ҳолати мавжуд экан:
а) ота – фақат фарз эгаси сифатида мерос олади
Марҳумнинг ортидан ўғил фарзанди ёки (ўғли вафот этган бўлса) ўғлининг ўғли ёки ўғлининг ўғлининг ўғли (шу тақлид пастлаб кетаверади) қолса, у ҳолда ота фақат фарз эгаси сифатида мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини олади. Бунга далил: “Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир…”
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат отаси ва ўғли меросхўр сифатида қолди. Тарика, яъни маййит қолдирган мол-мулкнинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги отанинг фарз улуши (1/6) га тенг бўлади, қолган олтидан беш (5/6) улуш эса асабалик (марҳумга энг яқин эркак қариндош)ка кўра ўғил фарзандга бўлади. Меросни 6 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги отага, қолган беш бўлаги эса ўғилга бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши (қисм) | Оладиган мерос миқдори |
ота | Фарз эгаси– 1/6 | 1 | 2 млн |
ўғил* | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 5 | 10 млн |
* ўғил фарзандлар икки ёки ундан кўп бўлишса, қолган меросни тенг тақсимлаб олишади.
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси, икки ўғли ва бир қизи меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги отанинг фарз улуши (1/6) га тенг бўлади, қиз ҳам аслида фарз эгаси эди, лекин ўғил фарзанд борлиги учун меросдан фарз эгаси каби эмас, балки асаба каби мерос олади. Маълумки, асабалар фарз эгаларидан қолган меросни ўзаро тақсимлаб олишади. Жами меросни 6 бўлакка бўламиз, бир улуш отага, беш улуш эса икки ўғил ва бир қизга бўлади. Бир ўғилга икки қиз насибаси бўлади, деган қоидага кўра 2 ўғил = 4 қиз бўлади ва жами 5 та қиз бор деб, ҳисобланади. Шунда бир қизга бир улуш (5/5=1) тўғри келади, ҳар бир ўғилга эса 2 улушдан бўлади.
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши (қисм) | Оладиган мерос миқдори |
ота | Фарз эгаси– 1/6 | 1 | 2 млн |
ўғил | Асаба – қолган меросга шерик | 2 | 4 млн |
ўғил | Асаба – қолган меросга шерик | 2 | 4 млн |
қиз | Асаба – қолган меросга шерик | 1 | 2 млн |
б) ота – фақат асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида мерос олади
Марҳумнинг ортидан фарзандлари қолмаса, ота, бошқа фарз эгалари улушларини олиб бўлишгач, ортиб қолган барча меросни ўзи олади. Шунингдек, марҳумнинг ортидан фақат отаси қолса, ота асабаликка кўра барча меросни олади.
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат отаси ва хотини меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги хотиннинг фарз улуши (1/4) га тенг (бу ҳақда ўрни келганда батафсил тўхталамиз), қолган тўртдан уч (3/4) улуш эса асабалик (марҳумга энг яқин эркак қариндош)ка кўра отага бўлади. Меросни 4 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги хотинга, қолган уч бўлаги эса отага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
хотин | Фарз эгаси – 1/4 | 1 | 3 млн |
ота | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 3 | 9 млн |
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат отаси ва онаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги онанинг фарз улуши (1/3) га тенг (бу ҳақда ўрни келганда батафсил тўхталамиз), қолган учдан икки (2/3) улуш эса асабалик (марҳумга энг яқин эркак қариндош) ка кўра отага бўлади. Меросни 3 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги онага, қолган икки бўлаги эса отага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
Она | Фарз эгаси – 1/3 | 1 | 4 млн |
Ота | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 2 | 8 млн |
в) ота – ҳам фарз эгаси сифатида, ҳам асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида мерос олади
Марҳумнинг ортидан фақат қиз фарзандлари қолса, ота ҳам фарз эгаси сифатида ўз насибасини олади. Фарз эгаларидан мерос ортиб қолса асаба сифатида уни ҳам олади. Чунки асабалар рўйҳатида ота ўғилдан кейинги 2-ўринда турибди. Бу ҳолатда эса ўғил фарзанд йўқ.
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат отаси ва қизи меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги отанинг фарз улуши (1/6)га, қизнинг фарз улуши эса (ёлғиз бўлгани учун) яримга (1/2) га тенг. (1/6) ва (1/2) га умумий махраж олти, меросни 6 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги отага, уч бўлаги қизга фарз эгалари сифатида бўлади. Ортиб қолган икки бўлаги ҳам отага (асаба сифатида) тегади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
қиз | Фарз эгаси – 1/2 | 3 | 6 млн |
ота | Фарз эгаси – 1/6 + қолган қисм асабаликка кўра | 1(фарз)+2(асаба) | 2 млн + 4 млн |
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат отаси ва 4 қизи меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 18 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Меросдаги отанинг фарз улуши 1/6 га, қизларнинг фарз улуши эса 2/3 га тенг, чунки уларнинг сони иккитадан кўп. 1/6 ва 2/3 га умумий махраж олти, меросни 6 та бўлакка тақсимлаймиз, бир бўлаги отага тегишли, 4 бўлагини эса қизлар ўзаро тақсимлаб олишади. Ортиб қолган икки бўлак асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) ўлароқ, отага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 3 млн |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 3 млн |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 3 млн |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 3 млн |
ота | Фарз эгаси – 1/6 + қолган 1/6 қисм асабаликка кўра | 1 + 1 | 3 млн + 3 млн |
Шундай қилиб, 4 қизнинг ҳар бири 3 млн.дан, ота эса 6 млн сўм меросга эга бўлади.
1 comment
[…] Мақоламизнинг аввалги қисмида айтиб ўтганимиздек марҳумнинг ортидан қолган ота-онаси ва бобо-бувилари фарз эгалари қаторига киради ва улар мерос илмида “асллар” деб номланади. […]