Мерос илмида “ҳавоший” деган атама мавжуд, ушбу атама арабча “ҳошия” (чет, охир, ҳошия) сўзидан олинган бўлиб, вафот этган инсоннинг ака-ука, опа-сингилларини англатади.
Умумий ҳолда, ҳавошийларга қуйидагилар киради: туғишган ака-ука ва опа-сингиллар; ота бир ака-ука ва опа-сингиллар; она бир ака-ука ва опа-сингиллар.
Ҳавошийлардан фарз эгаси сифатида мерос олишга қуйидагилар ҳақли: туғишган опа-сингиллар, ота бир опа-сингиллар, она бир ака-ука ва опа сингиллар.
Бошқа фарз эгалари (яъни меросдан қанча улуш олишлари шариат томонидан қатъий белгиланганлар)дан фарқли равишда бу тоифа вакиллари ҳар доим ҳам мерос олишмайди, фақат махсус ҳолларгина бундан мустасно. Қуйида опа-сингилларнинг меросдаги ҳолатларига тўхталиб ўтамиз:
Туғишган опа-сингиллар мероси
Туғишган опа-сингиллар мероснинг ярмини, учдан икки қисмини, фарз эгаларидан ортган қисмини олишлари ёки умуман меросдан маҳрум қилинишлари ҳам мумкин. Шундай қилиб, опa-сингиллар:
а) Мероснинг ярмини олади
Марҳумнинг ортидан битта синглиси (ёки опаси) қолган бўлса, лекин ўғил фарзандлари, ака-укаси, отаси ёки боболари бўлмаса, сингил (ёки опа) мероснинг ярмини олади. Бунга далил: “Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур…” (“Нисо” сураси, 176-оят).
- марҳумнинг ўғил фарзандлари бўлса, у ҳолда опа-сингиллар меросдан тўсилиб қолади.
- марҳумнинг отаси ёки отасининг отаси (бобоси) бўлса ҳам, опа-сингиллари мерос ололмайди.
- марҳумнинг опа-синглиси билан бирга ака-укаси ҳам бор бўлса, сингил (ёки опа) фарз эгаси бўлмай қолади, балки марҳумнинг ака-укаси билан асабага айланади.
Мисол 1. Бир аёл вафот этди. Ортидан эри ва синглиси қолди. Эр – фарзанд бўлмагани учун мероснинг ярмини олади, сингил ҳам уни меросдан маҳрум қилувчилар бўлмагани боис, мероснинг қолган ярмини олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан ўғли, қизи, хотини, опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: хотин – фарзанд борлиги учун мероснинг саккиздан бир (1/8) қисмини олади (фарзанд бўлмаганда эди, тўртдан бир (1/4) қисмини оларди). Қолган (7/8) қисмини ўғил ва қиз 2:1 нисбатда бўлиб олишади. Опа эса меросдан ҳеч нарса олмайди. Чунки марҳумнинг ўғил фарзанди ҳам бор.
б) мероснинг учдан икки қисмини олади
Марҳумнинг ортидан икки ёки ундан кўп опа-сингиллари қолса, улар мероснинг учдан икки (2/3) қисмини ўзаро тенг тақсимлаб олишади. Бунда ҳам юқоридаги шартлар топилиши керак. Яъни марҳумнинг ўғил фарзанди, отаси, бобоси, ака-укаси йўқ бўлиши лозим. Бунга далил: “Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини олурлар…” (“Нисо” сураси, 176-оят).
Мисол 1. Бир инсон вафот этди, ортидан икки синглиси ва амакиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: икки сингил фарз эгаси сифатида мероснинг учдан икки қисмини бўлиб олишади. Қолган меросни асаба сифатида амаки олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси, онаси, икки синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: она фарз эгаси сифатида мероснинг олтидан бир (1/6) қисмини олади (чунки қоидага кўра марҳумнинг икки ёки ундан ортиқ ака-ука ёки опа-синглиси бўлса, онанинг фарз улуши (1/3)дан (1/6) га тушади). Қолганини (5/6) ота асаба сифатида олади. Икки сингил ота борлиги сабаб меросдан тўсилади.
в) асаба сифатида мерос олади
Марҳумнинг ортида опа-сингиллари билан бирга камида битта ака ёки укаси қолса, ва отаси, бобоси, ўғил зурриётлари бўлмаса, асаба сифатида меросга ака-укалар ҳақдор бўлишади. Опа-сингиллар ҳам ака ёки ука билан асабага айланади. Мерос тақсимоти “бир эркакка икки аёл насибаси” қоидасига кўра 2:1 нисбатда бўлинади. Бунга далил: “Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур)…” (“Нисо” сураси, 176-оят).
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан укаси ва опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: фарзандлар ва ота бўлмагани сабаб ука асаба сифатида меросга ҳақдор бўлади. Ука ўз опасини ҳам асабага айлантиради (худди ўғил фарзанд қиз фарзандни асабага айлантиргани сингари). Бир эркакка икки аёл ҳиссаси бўлиши учун мерос 3 бўлакка ажратилади, икки бўлаги укага,бир бўлаги опага бўлади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан эри, икки акаси, уч опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади. Эр – фарз эгаси сифатида мероснинг ярмини олади. Қолган ярми ака-ука опа-сингиллар ортасида “бир эркакка икки аёл ҳиссаси” қоидасига кўра 2:1 нисбатда тақсимланади. Икки ака 4 та опага тенг, унга яна 3 та опани қўшсак, жами 7, демак, ортган меросни жами 7 улушга ажратиш керак бўлади. Умумий ҳолда, мерос 14 бўлакка бўлинса, ярмини – 7 улушни эр олади, қолган 7 улушни ҳавошийлар қуйидагича тақсимлаб олади: ҳар бир акага 2 улушдан, ҳар бир опага бир улушдан.
Мерос илмида “бошқанинг сабабидан асаба бўлиш” деган қоида бор, унга кўра фарз эгаси сифатида мерос оладиган қизлар ёки опа-сингиллар билан бирга ака-укалар ҳам бўлса, мазкур аёл меросхўрлар фарз эгаси сифатида эмас, балки асаба сифатида мерос олади, бунда мерос эркаклар ва аёллар ўртасида 2:1 нисбатда тақсимланади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди ортидан 3 та ўғли ва 4 та қизи қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: қизлар ўғил фарзандлар билан бирга асабага айланади ва бир ўғил икки қиз насибасини олади, яъни 3 та ўғил улуши 6 та қизнинг улушига тенг деб олинади, шундай қилиб мерос 10 та улушга (6+4=10) бўлинади ва ҳар бир ўғилга 2 улушдан, ҳар бир қизга бир улушдан берилади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан 2 та укаси ва 5 та опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: укалар опаларни ўзлари каби асабага айлантиради ва бир эркакка икки аёл насибаси берилади. 2 та ука улуши 4 та опа улушига тенг деб олинади ва мерос 9 та улушга бўлинади, ҳар бир ука 2 улушдан, ҳар бир опа бир улушдан мерос олади.
г) “бошқа билан бирга асаба бўлиш” қоидасига кўра мерос олади
“Бошқа билан бирга асаба бўлиш” деб марҳумнинг ортидан қизи (1) ёки ўғлининг қизи (2) ёки қизи ва ўғлининг қизи(3) қолса ва улар билан бирга марҳумнинг битта ёки бир неча опа-сингиллари қолган бўлса, улар (опа-сингиллар) асабаларга айланишади ва фарз эгаси бўлган қиздан қолган меросни тақсимлаб олишади. Албатта, бунда ота, ўғил фарзандлар ва ака-укалар бўлмаслиги шарт қилинади.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан қизи ва синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: қиз мероснинг ярмини фарз эгаси сифатида олади, сингил эса қиз фарзанд туфайли асабага айланади ва мероснинг қолган ярмини олади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди ортидан онаси, қизи ва синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: она – фарзанд борлиги учун мероснинг 1/6 қисмини, қиз – якка фарзанд бўлгани учун мероснинг ярмини (1/2) фарз эгаси сифатида олишади. Ортиб қолган 1/3 қисмни эса қиз фарзанд туфайли асабага айланган сингил олади.
Мисол 3. Бир инсон вафот этди. Ортидан қизи, хотини ва 2 синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: қиз мероснинг ярмини, хотин 1/8 қисмини фарз эгаси сифатида олади. Ортиб қолган 3/8 қисмни 2 сингил тенг бўлиб олишади.
д) ҳеч қандай мерос олмайди
Марҳумнинг ўғил зурриёти ёки отаси бўлса, опа-сингиллар меросдан ҳеч нарса олишмайди.
Мисол 1. Бир инсон вафот этди. Ортидан ўғли ва 3 та синглиси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: барча меросни ўғил асаба сифатида олади, сингиллар ўғил борлиги сабаб меросдан тўсилиб қолади.
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан отаси ва опаси қолди. Мерос тақсимоти қуйидагича бўлади: бошқа фарз эгалари йўқлиги сабаб барча меросни ота асаба сифатида олади. Опа эса ота борлиги учун меросдан тўсилиб қолади.