Фароиз (мерос) илми уламолари меросдан ман қилувчи омилларга “мерос олишга ҳақдор инсонни меросдан ман қилувчи сабаблар” дея таъриф берганлар.
Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққач, меросдан ман қилувчи нарсалар қуйидагилардан иборат эканлигини баён қилганлар:
1. Ўз мерос қолдирувчисини ўлдириш
Уламолар иттифоқ қилинган ушбу ҳолатга пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ нинг қуйидаги ҳадисларини далил қилб келтирадилар:
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қотилга мерос йўқдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Бу ўриндаги қатлдан мақсад – мукаллаф (шаръий амалларни бажариши лозим бўлган), оқил, болиғ ва ҳур кишининг ўз мерос қолдирувчисини ноҳақ ва узрсиз, қасддан ўлдиришидир. Бунда шахсан ўзи ўлдирса ҳам, ўлдиришда бировга шерик бўлиб қатнашса ҳам, ўлдиришни бошқа бир инсонга амр қилса, буюртма берса, тарғиб қилса, ёрдам берса, ёлғон гувоҳлик бериб мерос қолдирувчи устидан ўлим ҳукми чиқишига сабаб бўлса ҳам барибир меросдан ман қилинади.
Меросхўр балоғатга етмаган ёш бола, мажнун ва эсипаст одам бўлса ва мерос қолдирувчи инсон ўлимига сабаб бўлса ёки ақли-ҳуши жойида бўлиб, ўз мерос қолдирувчисини билмасдан, ёинки ўзини ҳимоя қила туриб ўлдириб қўйса, бу ҳолатларда меросдан ман этилмайди ва ўзига белгиланган нисбатда мерос олаверади.
Ўз мерос қолдирувчисининг ўлимига сабаб бўлган меросхўрнинг бошқа унга мерос қолдирувчи яқин қариндоши унинг айбисиз вафот этса, у ҳолда меросхўр шу иккинчи мерос қолдирувчи қариндошидан мерос олаверади.
2. Мерос қолдирувчи ва мерос олувчининг дини икки хил бўлиши.
Мусулмон одам мусулмон бўлмаган одамдан мерос олмайди, шунингдек мусулмон одамдан ҳам бошқа дин вакили мерос олмайди.
Бунга далил қуйидаги ҳадиси шариф ҳисобланади:
“Мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмон инсон (Аллоҳ асрасин) диндан қайтиб, муртад бўлса кофир ҳукмида бўлади. У мусулмон кишидан мерос олмайди. Лекин у муртад ҳолида вафот этса, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ наздларида, унинг мусулмонлик вақтида топганлари меросхўрларга тақсимлаб берилади, муртадлик ҳолида орттирган мол-мулклари байтулмолга бўлади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, динлари фарқли бўлса ҳам, кофирлар бир-биридан мерос олади.
3. Қуллик
Исломнинг илк даврларида, қуллик мавжуд бўлган замонларда ушбу масалага тез-тез мурожаат қилиб турилган. Қул бўлган эркак ва аёллар бировдан мерос олмаган ва бошқаларга ҳам мерос қолдирмаган. Чунки ўша давр тақазосига кўра, уларнинг мол-мулки бўлмаган, аксинча уларнинг ўзи бошқа бировнинг мулки ҳисобланган.
4. Ватаннинг икки хил бўлиши.
Бу масала, асосан, мусулмон диёрда яшовчи ғайримуслимларга оид бўлган. Мусулмонлар бошқа-бошқа диёрларда яшашса-да, бир-бирларидан мерос олаверади.
5. Мерос қолдирувчи ва мерос олувчининг қайси бири олдин ўлганини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолатда.
Бирор бахтсиз ҳодиса туфайли, масалан, уй қулаб тушиши, сувда чўкиб кетиш ёки автоҳалокат сабаб мерос олувчи ва меросхўр (мисол учун ота ва фарзанд) бир вақтда вафот этса-ю, улардан қай бири аввал, қай бири кейин вафот этганини аниқ билишни имкони бўлмаган ҳолда, уларнинг мерослари қолган меросхўрлар ўртасида шаръий нисбат бўйича тақсимланади.
Лекин ҳозирги технологик тараққиёт замонида тиббий экспертиза хулосалари бу каби масалаларни ечишда муҳим рол ўйнамоқда.
6. Меросхўрларни аниқлаб бўлмаганда.
Бу каби ҳолатлар ўта ноёб ҳодиса бўлса-да, фиқҳ китобларида бундай масалаларга ҳам тўхталиб ўтилади. Дейлик, бир аёл ўз боласи билан бирга бошқа бировнинг фарзандини ҳам эмизар эди. Аёл вафот этгач, бу болалардан қайси бири ўзиники, қайси бири бошқа бировникилиги билинмай қолди. Шунда икки бола ҳам мазкур аёлдан мерос олишмайди.
7. Пайғамбарлик
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ҳадисларига мувофиқ, у зотдан мерос қолмаган.
8. Лиъон айтиш.
Аввалги қисмларда тўхталиб ўтилганидек, бир инсон аёлини зинода айблаб, унинг ҳомиласини тан олмади ва қози ҳузурида бир-бирларига лиъон айтишди ва ажралишди. Бундай вазиятда эркак бу боладан мерос олмайди, бола ҳам бу эркакдан мерос олмайди.
9. Зино
Зинокор эркак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам, бола ундан мерос олмайди.
Манбалар:
1. Ҳадис ва ҳаёт” 12-жуз “Фароиз ва васиятлар” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф р.а.
2. “Исломда мерос тақсимоти” Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси