Люксембург Буюк Герцоглиги Ғарбий Европада жойлашган мўжаз мамлакат бўлиб, ҳудуди 2,59 минг кв. кмни ташкил этади. 633 минг кишидан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ушбу мамлакатнинг ЯИМ ҳажми 70 млрд. АҚШ долларидан, аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ эса 113 минг АҚШ долларидан ошади.
Люксембург Буюк Герцоглиги аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлмаса-да, ислом молия соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга ҳамда мазкур соҳа жуда яхши ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
1978 йилда Люксембург Европада биринчи бўлиб ислом молия муассасаси – the Islamic Banking System Holdings Limited Luxembourgга лицензия тақдим этган мамлакат бўлди. 1982 йилда эса Европадаги биринчи такофул (ислом суғуртаси) ташкилоти – Takafol S.A. ҳам айнан Люксембургда ўз фаолиятини бошлади. Ўшандан буён Люксембургни Европадаги ислом молия муассасалари учун, айниқса, Шариат талабларига жавоб берадиган инвестиция жамғармалари учун асосий марказга айлантириш мақсадида барча зарурий ҳуқуқий асослар ва солиқчилик тизими такомиллаштириб келинмоқда.
Мамлакатда Ислом молияси амалиётлари учун қулай муҳит, жумладан муносиб солиқ тизими мавжуд. Люксембургда ислом молиясига тегишли меъёрий ҳужжатлар 2002 йилдаги “Инвестиция фондлари тўғрисида”ги қонунни, 2004 йил “Қимматли қоғозлар тўғрисида”ги қонунни ҳамда мамлакат молиявий назорат органи томонидан ўрнатилган қоидаларни ўз ичига олади.
Люксембургнинг ислом молияси соҳасида эришган асосий ютуқлари қуйидагилар ҳисобланади:
✅ Люксембург ислом инвестиция жамғармалари жойлашган энг йирик мусулмон бўлмаган мамлакатга айланди. Ҳозирда 49 та ислом жамғармалари томонидан 11 мрд. АҚШ долларидан ортиқ активлар бошқарилмоқда;
✅ Люксембург сукук эмиссия қилган биринчи Евроҳудуд мамлакати бўлди;
✅ Люксембург биржаси (LuxSE) сукук жойлаштирилган Европадаги биринчи биржага айланди;
✅ Люксембург Марказий банки IFSB (Islamic Financial Services Board) га аъзо бўлган Европадаги биринчи Марказий банк бўлди;
✅ 2010 йил январ ойида Люксембург солиқ идораси Муробаҳа, Ижара ва Сукук амалиётларини солиққа тортишда анъанавий молия маҳсулотлари билан бир хил солиқ тартибидан фойдаланишни таъминлаш бўйича қонун эълон қилди;
✅ Люксембург биржаси (LuxSE)да рўйxатдан ўтказилган 21 та Сукукнинг умумий миқдори 8 млрд. Еврога етди.
(Давоми бор)