Нафл (қўшимча) садақа
Нафл, яъни закот ва фитр каби мажубурий садоқотларга қўшимча сифатида бериладиган садақа/эҳсондир. Нафл садақа ҳар пайтда, ҳар қандай муҳтожга берилиши мумкин ва динимиз бизни бунга доимо тарғиб қилади.
Садақа луғатда “инфоқ, хайр-эҳсон” маъноларини билдиради. Демак, Аллоҳ розилиги учун бериладиган ҳар қандай хайр-эҳсонни садақа деса бўлади.
Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади:
“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.
Вақф
Вақф – муайян мол-мулкни Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир, яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган мақсад йўлида (масалан, талабалар, мусофирлар, мискинлар учун) тасарруф қилинади ва савоби абадий вақф қилувчига бўлади.
Васият
Бир инсон вафот қилгандан сўнг унинг қарзлари, ҳамда шариат доирасидаги дафн маросимлари учун қилинган харажатлардан қолган мол-мулкининг учдан бири унинг васиятини бажариш учун ишлатилади*.
Қарз (қарзи ҳасан)
Қарз, “кимдир фойдаланиши ва қайтариб бериши учун берилган маблағ”, деб таърифланади. Қарз берувчи берган қарзидан ортиғини талаб қилиши рибо (судхўрлик), кечиб юбориши эса яхшиликдир, зеро Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: «Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни қарздорга) cадақа қилмоғингиз, ўзингиз учун яхшидир» (280-оят).
Ақиқа
Фарзанд бергани учун Аллоҳга шукрона сифатида жонлиқ сўйиб яқинлари, қўни-қўшни ва муҳтожлар билан баҳам кўриш/эҳсон қилишдир.
Ақиқа қилинадиган жониворнинг энг кичкинаси қўй ёки эчки. Хўроз-товуқ каби паррандаларни сўйиш қабиҳ бидъатдир.
* мерос масаласи нозик ва мураккаб мавзу бўлганлиги сабабли, мерос, васият ва шунга доир масалалар ислом уламолари иштирокида ҳал қилиниши, пайдо бўлиши мумкин бўлган турли муаммоларни олдини олишга ёрдам беради.