1999 – йилда глобал ислом индекслари жорий этилди. “ИНДЕКС”(статистикада) — муайян даврда иқтисодий миқдорлар, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар параметрлари ўзгаришларини нисбий кўринишда тавсифлайдиган иқтисодий ва статистик кўрсаткич. Содда қилиб айтганда, глобал ислом индекслари – муайян миқдордаги шариатга мувофиқ ҳисобланган компаниялар маълум бир давр оралиғида қиймат жиҳатдан кўтарилгани ёки пасайганини акс эттирувчи иқтисодий кўрсатгич. Улар бошқа шу каби компанияларнинг иқтисодий ҳолатини билиш мақсадида қиёсланадиган меъёр сифатида ишлатилади.
Ҳозирги вақтда капитал бозоридаги ислом молияси улушини акс эттирувчи глобал ислом индексларининг асосийлари қуйидагилардир:
- Dow Jones Islamic Market Index;
- S&P Shariah Index;
- MSCI Global Islamic Index;
- Global Islamic Index.
Dow Jones (DJIM) бозор индекслари (ислом молиясига тегишли қисми) 69 та мамлакатнинг ривожланган ва ривожланаётган бозорларини қамраб олган ҳамда шариатга мувофиқ қимматли қоғозларни кузатиб бориш учун кенг миқёсдаги мезонларни тақдим этади. Унинг таркибига мамлакатлар индекслари, глобал/ҳудудий индекслар, “мовий чипталар” деб аталувчи йирик компанияларнинг акциялари индекси ва стратегик индекслар киради.
Ислом фонд индексларининг жуда зарурлигини эътироф этган ҳолда Standard & Poor’S (S&P) агентлиги 2006 йилда шариатга мувофиқ келадиган учта асосий – S&P 500, S&P Europe 350 ва S&P Japan 500 индексларини танлаб олди ва дастлабки қадам бўлди. 2007 йилда эса S&P мазкур ҳудудлар учун шариатга мос келувчи маҳсулотларни саралаш мезонларига бўлган талабни қондириш учун S&P GCC Shariah ва S&P Pan Asia Shariah ни ташкил қилди.
Ҳудди шу тарзда 2006 йилда FTSE (Financial Times Stock Exchange, UK) ҳам ўзининг FTSE Global Shariah йўналишидаги индексларини чиқариш орқали Shariah индексларини тақдим этди.
2007 йилда MSCI (Morgan Stanley Capital Index, USA) ҳам ўзининг ислом индексларини ишлаб чиқди.
Бугунги кунда, ушбу индекслар шариатга мувофиқ келувчи акциялар, облигациялар (сукук), ўзаро жамғармалар фаоллигининг қиёслаш ва таҳлил қилиш воситаси сифатида ишлатилади.
Манба: Е.Байдаулетнинг “Исломий молия асослари” китоби