Суғурта араб тилида “تأمين – таъмин” дейилади. Бу янги истилоҳ бўлиб, унинг инглизча истилоҳидаги муқобили “Insurance”. Инглизча “security” сўзи баъзи араб лаҳжаларига суғурта маъносида кириб қолган, кейинроқ эса, ушбу сўзни бузиб талаффуз қилиш билан бизнинг диёрларга келганда суғурта деб ишлатила бошланган.
Таъмин, яъни суғурта моли эҳтимолий талофатга учраса, уни тўлаб бериш эвазига маълум маблағ ёки хизмат ёки бошқа бир молиявий тўлов тўлашни зиммасига олиб, суғурта қилувчи томонидан тўлаш орқали пул олиб тузиладиган шартнома.
Замонимизнинг аксарият олимлари ва фақиҳлари анъанавий суғуртани ножоизлиги ҳақида иттифоқ қилганлар. Бунга сабаб, унда ғарар, рибо ва бошқа шу каби шаръан тақиқланган амалиётлар мавжудлигидир.
Албатта суғуртанинг тури кўп бўлиб, замонавий жамиятнинг жуда кўп жабҳаларида молиявий маҳсулот сифатида ишлатилади. Юқорида айтилганидек шаръан ман қилинган унсурларни ўз ичига олган анъанавий суғурта амалиётидан фойдаланиш жоиз эмас. Аммо, ислом дини жамиятда юзага келадиган барча масалаларга адолатли ечим берувчи дастур бўлгани сабабли, исломда такофул/таъмин маҳсулоти анъанавий суғуртанинг ўрнига ечим сифатида таклиф қилинган. Унинг асосида ўзаро эвазсиз молиявий ёрдам туради.
Ушбу амалиётнинг шаръий далилларидан бири, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Туямни боғлаб таваккул (яъни Аллоҳга таваккал) қилайми ёки қўйиб юбориб, сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қил!”, деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ҳам ривоят қилишган). Яъни инсонда имконият бор экан, қўлидан келганча сабабларини қилиб, ўзига ёки мол-мулкига етиши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олишга ҳаракат қилиши табиий ҳол.
“Такофул” ва “ислом суғуртаси” атамалари бир-бирининг ўрнини боса оладиган атамалардир. Ислом суғуртаси – бу ўзаро ёрдам, бирдамлик ва кўмак тамойилларига асосланган бўлиб, бенефициарлар (яъни ёрдам лойиҳасидан манфаат олиши мумкин бўлган томонлар) дуч келадиган турли фалокат ва кўнгилсиз ҳолатлар, масалан, мол-мулкдан айрилиш ёки уларга зарар етиш каби ҳолатларда ечим ҳисобланади.
Ислом шариатига мувофиқ суғурта – Такофул (التكافل) сўзи араб тилидаги кафала (الكفالة) – “кафиллик”, “бир-бирига кафолат бериш” сўзидан олинган. Ўз ўрнида, такофул жамоавий таъмин ёки суғурта деб ҳам қаралади, лекин ҳамма жамоавий суғурталар ҳам шариатга мувофиқ келавермайди.
Ислом молия муассасалари бухгалтерия ҳисоби ва аудити (AAOIFI) халқаро ташкилотининг 26 сонли меъёрида, такофулга қуйидагича таъриф берилган:
“Ислом молиясига мувофиқ суғурта – Шариат қоидалари ва тамойилларига риоя этадиган махсус компания бошқаруви остидаги, барча турдаги хавф-хатарларни қамраб олган суғуртанинг бир шаклидир.
Ислом молиясига мувофиқ суғурта шартномаси ўзаро ёрдам ва хайр-эҳсон асосида (жамғарма шаклида) тузилади, турли хатарлар туфайли вужудга келган зарар ёки йўқотишлар жамғарма аъзолари ўртасида адолатли тақсим этилади (яъни кўрилган талафот аъзолар томонидан киритилган маблағлар ҳисобидан қопланади)”.
Такофул “ўзаро кафолатлаш”, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам кўзда тутилган амалиёт бўлиб, фуқаро ва ташкилотлар томонидан муайян пул маблағларини бирлаштириш йўли билан, амалга оширилиши мумкин бўлган икки томонлама суғуртага мос келади. Ушбу суғурта тури айрим мамлакатларда вақф кўринишида ҳам қўлланиб келинмоқда.
Такофул тўғри амалга оширилиши учун махсус суғурта жамғармаси тузилади. Жамғарма аъзолари олдиндан эълон қилинган тартиб-қоидага кўра суғурта учун бадалларни эҳсон сифатида жамғармага киритишади, жамғарма эса ўз мулкига айланган ушбу маблағлар ҳисобидан аъзоларининг келишилган зарарларини қоплаб туради. Йил якунида суғуртадан ортган маблағларнинг бир қисми жамият низомидаги тартиб-қоидалар асосида кейинги йиллар захирасига олиб қўйилиши ёки аъзолар ўртасида тақсимланиши, вақф шаклида тузилган жамғарманинг қолдиғидан эса муҳтожларга моддий ёрдам ҳам кўрсатилиши мумкин.
Жамғарма бошқаруви одатда тижорат ташкилотига топширилади. Бунда бошқарувчи ташкилот жамғармага эгалик қилмайди, балки жамғарма фаолиятини вакил сифатида бошқаради ва ўзининг хизматлари эвазига жамғармадан ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, бошқарувчи ташкилот ва жамғарма аъзолари ўртасида манфаатлар қарама-қаршилиги юзага келмайди, чунки жамғарма ҳисобидан зарарларни тўламасликдан бошқарувчи ташкилот ҳеч қанақасига манфаатдор бўлмайди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим: жамғарманинг товон тўловидан ортган қисми жамғарма ва унинг аъзолари ихтиёрида қолдирилади, яъни бошқарувчи ташкилот тасарруфига ўтказилмайди. Баъзида кўрилган зарар тахмин қилинган кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолиши ва шу сабабли жамғарилган бадаллар зарарларни қоплашга етмай қолиши мумкин. Шундай пайтларда товон тўлови учун керак бўлган маблағ жамғарманинг бошқарувчи ташкилотидан қарз ёки бошқа ўзаро суғурта жамиятларидан (аввалроқ тузилган келишув асосида) ёрдам сифатида олинади.
Олинган қарзлар кейинги йиллардаги суғурта тўловларидан ортган захира ҳисобидан қайтарилади. Агар бошқа жамғармалардан, уларга олдиндан бадал ўтказиб туриш ҳисобига, ёрдам пули олинган бўлса, ушбу ёрдам пули қайтарилмайди.
Яна шуни таъкидлаш керакки, такофул, иқтисодиётга анъанавий тижорий суғурта туридан кўра фойдалироқдир. Анъанавий тижорий суғурта ўз ичига исломда тақиқланган ғарар (ноаниқлик, мавҳумлик) ва рибони олади, чунки:
- Суғурта қилган шахс суғурта компаниясига суғурта учун пул тўлайди, лекин эвазига реал мол ёки хизмат эмас, келажакда содир бўлиши мумкин бўлган суғурта ҳолатида унга етган талафотни қоплаб бериш ваъдасини олади холос, бу эса ғарар;
- Суғурта компаниялари турли шахслардан суғурта бўйича тушган пулларни тижорат банкларига қўйиб фоиз олиб кўпайтиришади, бу эса рибо.
Такофул тизимида эса турли шахслар тарафидан жамғармага киритилган пуллар жамғармани бошқарувчи компания тарафидан (жамғарма аъзолари розилиги билан албатта) турли ҳалол лойиҳаларга музораба капитали сифатида киритилади ва бу ҳолатда жамғармани бошқарувчи компания музориб сифатида фаолият юритади. Бундай фаолият доирасида олинган фойда, иш юритган жамғарма бошқарувчиси – музориб (иш юритганлиги учун) ва жамият аъзолари ўртасида бошидаги келишувга асосан тақсимланади.
Қўшимча равишда қуйидаги боғлама орқали такофулга оид мақолани ўқишингиз мумкин: https://islommoliyasi.uz/uz/islom-sugurta-tizimi/