Ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти хатарсиз бўлмайди, хатар даражаси ҳам фаолият турига қараб турлича бўлади. Банклар, шу жумладан ислом банклари ҳам бизнес фаолиятнинг серқатнов чорраҳасида фаолият юритувчи хўжалик субъекти сифатида доимо хатар ва таваккалчиликка дучор бўлишади. Асосан кредит билан боғлиқ хатарларни бошқаришга мажбур бўлган анъанавий банклардан фарқли равишда, Ислом банклари турли-туман хатарларни бошқаришга мажбур, зеро ислом молияси тамойилларига кўра уларнинг ўз мижозлар билан муносабати “қарз берувчи-қарздор” эмас, балки “сотувчи-харидор” ёки “ҳамкорлик” муносабатларига асосланган. Албатта фақат молиялаштириш билан шуғулланиш, ҳамда сотувчи ёки ҳамкор сифатида бизнес фаолиятга бевосита аралашиш, унга (яъни бизнес фаолиятга) хос бўлган барча хатарларга киришиш ўртасида катта фарқ бор, бунда хатар турлари ҳам, даражаси ҳам бир неча баробар ортади.
Ана энди ислом молиясида хатарларга бўлган муносабатни ўрганиб чиқамиз. Бунинг учун биз биринчи навбатда қуйидаги қоидаларни ёдда тутишимиз керак:
а) даромад кўриш учун активлар хатар остига қўйилади;
б) хатарлар активга эгалик ҳуқуқи тақдим этилмасдан туриб сотилиши ёки бошқа томонга ўтказилиши мумкин эмас;
в) бир томон бошқа томоннинг хатарларини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олиши мумкин.
Савдода турли хилдаги хатарлар мавжуд ва бу хатарларни камайтиришнинг ҳар хил усуллари/воситалари ишлаб чиқилган. Ушбу усулларни Шариатга мувофиқ хатарларни камайтириш усуллари деб аташимиз мумкин. Дастлаб, анъанавий банклар ва ислом банкларига хос бўлган хатар турларини таққослаб чиқамиз.
Анъанавий ва Ислом банклари фаолиятидаги хатарлар:
Анъанавий банклар, одатда қуйидаги хатарларга дуч келади:
- кредит хатари;
- ликвидлик хатари;
- операцион хатарлар;
- тартибга солиш билан боғлиқ хатарлар (Regulatory risk);
Анъанавий банк пулни қарзга беради ва қарз устидаги фоиз ҳисобидан даромад олади. Бундай банклар ҳар қандай молиявий эҳтиёж учун, хоҳ у мол-мулк сотиб олиш учун бўлсин, хоҳ бошқа мақсад учун бўлсин, пулни фоиз асосида қарзга беради. Агар банк активларни сотиб олишни молиялаштирса ҳам, у активларга эгалик қилмайди. Юқорида айтиб ўтилганидек, айнан шу сабабли, анъанавий банклар ислом банклари дуч келиши мумкин бўлган бир қанча хавф-хатарларга дуч келмайди. Бироқ, масаланинг бошқа томони шундан иборатки, анъанавий банклар, фақат пул қарз бериш “эркинлиги”дан фойдаланиб, катта ҳажмдаги маблағлар жалб қилиш билан шуғулланишади ва уларнинг пулга асосланган молиявий активлари назарий жиҳатдан чексиз хатарларга дуч келиши мумкин. Аксинча, активлар билан таъминланадиган молиялаштириш орқали Ислом банклари асосан активнинг ҳақиқий қиймати тушиб кетиши билан боғлиқ хатарга дуч келишади.
Умуман олганда, Ислом банклари анъанавий банклар дуч келадиган хатарлардан ташқари, яна бошқа турли хил хатарларга дуч келади, жумладан:
- шариат талабларига риоя қилмаслик / уларни бузиш хавфи;
- маҳсулот/молиялаштириш тури билан боғлиқ хатарлар (product/mode of financing risk);
- жараёнлардаги хатарлар (process risk);
- қарши томон (яъни мижоз, сотувчи/ишлаб чиқарувчи, ташувчи…) хатарлари (counter party risk) ва бошқалар.
Қуйида Ислом банкларида хатарларни бошқариш жараёни акс этган:
Хатарларни самарали бошқариш:
- Рибо ва ғарардан ҳоли амалиётлар;
- Инвестициялар реал (ҳақиқий) бўлиши ва спекулятив (чайқов) амалиётларга киришмаслик;
- Гаров талаб қилиш мумкин;
- Ҳақиқий актив қийматига мутаносиб бўлган хатарлар;
- Активлар билан таъминланган амалиётлар олиб бориш;
- Банкнинг активларга эгалик қилиш ҳуқуқи.