Ислом молияси бу биринчи навбатда ҳалол ризқ масаласи, дейиш мумкин. Аллоҳ таоло бандаларига бу синов дунёда танлов ихтиёрини бериб қўйганки, банда ўз ризқини ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам териши мумкин. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам банда ўзига ато этилган ризқдан ортиғига эга бўлмайди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).
Мана энди ҳаромхўрликнинг жамиятга таъсири бўйича энг ёмонларидан бўлган порахўрлик ҳақида бироз тафаккур қилсак.
Жамият тараққиётига ва фаровонлигига жиддий зарар келтирадиган, жамиятни ичидан емирадиган иллат бу порахўрлик десак, адашмаган бўламиз. Чунки пора олиш, пора билан ишини битказишга ҳаракат қилиш – буларнинг барчаси ислом умматини ҳар тарафлама орқага тортадиган, тараққиётдан орқада қолишига сабаб бўлаётган қабиҳ иллат, жамият бошидаги улкан бало ва кулфатдир. Зеро:
- бу ҳаромга ҳавас туйғусини шакллантиради. Онги етарли даражада шаклланиб улгурмаган ёшлар пора олувчиларнинг ҳаром тўкин-сочин ҳаётига ҳавас қилиб, ҳаёт мазмун-моҳиятини бирор “ёғли” лавозимга эришиш ва шу орқали ўз орзу-истакларини қондиришда кўришни бошлашади. Порахўрликнинг энг ёмон жиҳати ҳам айнан шунда, яъни жамият аъзоларини, биринчи навбатда ёшларни шундай ҳаромга ҳавас билан қараш туйғусини шакллантиришда бўлса керак;
- бу адоват. Жамият аъзоларининг бир қисми ноҳақ бойликларга эга бўлиши оқибатида одамлар ўртасида адоват кучаяди;
- бу адолатсизлик. Жамият аъзоларининг кўзи кўр, қулоғи кар ёки онги паст эмас. Улар ким нима орқали пул топаётганлигини кўриб, эшитиб туришади ва секин-аста уларнинг ҳисобидан бойлик орттираётган порахўрларни кўриб, бундай адолатсиз ҳолатга йўл қўйиб қўйган давлат тизимидан, бунга масъул мутасаддилардан норози бўлишни бошлашади, албатта, бундай норозилик аста-секин жамиятда ёки тарангликни кучайишига сабаб бўлади (бу эса бир кунмас бир кун жиддийроқ муаммоларга олиб бориши аниқ) ёки тушкунликни келтириб чиқаради (бу эса фуқароларнинг ўз ватанларига бўлган севги ва ишончини ўлдиради. Давлат учун бундан ҳам каттароқ фожиа бўлмаса керак).
Қайси бир тизимни олманг, унда порахўрлик авж олган бўлса, тизимдаги барча, ҳатто оддий ходим ҳам “раҳбарлар пора оляпти-ку, биз олсак нима бўпти?!” қабилида иш тутадиган бўлиб қолади.
Порахўрликнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида етарлича гапириш мумкин. Бугун биз порахўрликнинг Ислом дини нуқтаи назаридан ҳукмлари қандай бўлишига қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.
Шариатда пора бериш/олиш тўғрисида нима дейилган?
Ислом шариатида порахўрлик гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Шамсиддин Заҳабий “Гуноҳи кабиралар” китобларида олтмиш олтинчи гуноҳи кабира мавзусида порахўрликни келтирган. Порахўрлик бировнинг молини ноҳақ ейишдир.
Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 188-оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорана ташламанг.”
Савбон розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино кенг тарқалган қавм орасида очарчилик, порахўрлик кенг тарқалган қавм орасида қўрқув кўпаяди.” дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Совға шаклида пора олса ёки берса бўладими?
Совға кўринишида берилган ёки олинган пора ҳам ҳақиқий пора ҳукмида бўлиб, бундай қилишга шаръан рухсат этилмайди.
Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади:
“Амирнинг ҳадя (совға) олиши ҳаром, қозининг пора олиши куфрдир” (Имом Суютий ривояти).
Ихтиёрий равишда берилган пора ҳақиқий пора каби бўладими?
Ҳатто чин кўнгилдан хоҳлаб берилган тақдирда ҳам, барибир, пора олиш катта гуноҳ ҳисобланади.
Олинган порани нима қилиш керак?
Пора сифатида олинган пул ёки шу каби нарсани қайтариш лозим бўлади, агар уни ишлатиб юборган бўлса, олган миқдорига тенг мол-мулк ёки пулни берган одамга қоплаб бериш мажбурийдир.