Ижара: харажатлар бўйича масъулият
Ижара берувчи ижарага берилаётган мулкнинг эгаси сифатида ушбу мулкни сотиб олиш ва ижара олувчига етказиш билан боғлиқ барча харажатларни (масалан юклаш ва ташиш боғлиқ харажатлар, божхона тўловлари ва ҳ.к.) ўзи қоплайди. Албатта ижара берувчи ушбу харажатларни ижарага олиб берилаётган мулкнинг таннархига қўшиб юбориши мумкин, аммо нима бўлганда ҳам ушбу харажатлар мулк эгаси сифатида тўлиқ унинг бўйнида ҳисобланади. Ушбу қоидага мос келмайдиган ҳар қандай келишув шариатга зиддир (афсуски бугунги кундаги баъзи молиявий ижара битимларида бу харажатлар ижара олувчининг зиммасига юкланмоқда).
Ижарага олинган мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ барча харажатлар (сув, газ, электр энергияси каби) табиийки ижара олувчи томонидан қопланади.
Ижара: мулкка талафот етган ҳолатда томонларнинг масъулияти
Мақоланинг ижаранинг асосий шартлари ҳақидаги қисмида айтиб ўтилганидек, ижара олувчи, ўзининг бепарволиги ёки нотўғри фойдаланиши туфайли ижарага олинган мулкка етган ҳар қандай зарарни қоплаши шарт. Ижара муддати давомида мулкка етиши мумкин бўлган бошқа барча хатарлар ижара берувчининг зиммасида бўлади, яъни ижара олувчига боғлиқ бўлмаган омиллар туфайли мулкка етган ҳар қандай талафот, масалан табиий офатлар натижасида кўрилган зарар ижара берувчи томонидан қопланади. Анъанавий молиявий ижара битимларида эса бу икки ҳолат ўртасидаги фарқ инобатга олинмайди ва ҳар қандай ҳолатда мулкка етган талафот/зарар учун ижара олувчи жавобгар ҳисобланаверади.