Баъзи молиявий лизинг шартномаларида ўз вақтида (яъни келишилган муддатда) амалга оширилмаган тўлов учун жарима қўллаш кўзда тутилади. Агар бу жазо чораси ижара берувчининг даромадини кўпайтиришга хизмат қилса, у ҳолда бундай чорани қўллашни шариат оқламайди (яъни бу жоиз эмас), чунки, ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов, бу ижара олувчининг қарзи ҳисобланади ва бу ҳолатда қарз юзасидан кўзда тутилган барча қоидалар қўлланади. Демак, ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун жарима қўллаш, бу муддати ўтган қарз учун олинган тўлов билан бир хил, яъни бу, Қуръони каримда зикр қилинган рибодир.
Аммо, бу қоидани баъзи ноинсоф ижара олувчилар ўз фойдаси йўлида суиистеъмол қилишини олдини олиш учун қуйидагича йўл тутиш мумкин.
- Ижара шартномаси тузилаётган пайтда мижоз тўловни ўз вақтида амалга оширмаса, шартномада кўрсатилган жаримани ижара берувчи кўрсатган ёки икки томон келишиб белгилаган бошқа бирор хайрия жамғармасига ўтказиб бериш бўйича ўзига мажбурият[1] олиши керак (тўланган жарима ислом дини кўрсатмаларига зид бўлмаган хайрия мақсадларига йўналтирилади[2]);
- Юқорида айтиб ўтилганидек, тўланган жарима ҳеч қандай ҳолатда, ҳеч қандай сабаб билан ижара берувчи даромади/фойдаси бўлиши мумкин эмас, бинобарин, жаримадан тушган бу пуллар ижара берувчи томонидан давлат олдидаги ёки яна бирор бошқа учинчи томон олдидаги молиявий мажбуриятларини (масалан солиқлар, қандайдир жарималар, коммунал тўловлар ёки яна бирор-бир бошқа тўловлар) бажариш учун ҳам ишлатилиши мумкин эмас. Аммо тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижозга нисбатан жарима қўллаш давомида ижара берувчи бирор қўшимча харажатлар қилган бўлса (масалан судга/адвокатларга мурожат қилинган бўлса ва шу жараёнда қандайдир харажатлар қилинса), ушбу бевосита харажатлар, тўланган жарима ҳисобидан қопланиши мумкин.
Жарима фақат хайрия мақсадларида ишлатилиш мумкинлиги, яъни молия муассасаси даромади бўлмаганлиги сабабли, унинг (яъни жариманинг) миқдори мижознинг онгли равишда берган аҳдига кўра турли катталикда/миқдорда бўлиши мумкин. Жарима йиллик фоиз кўринишида белгиланиши ҳам мумкин. Албатта ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун маълум миқдорда жарима тўлашга аҳд берганлиги, мижозни атайлаб тўловни амалга оширмай юришдан тийилишига сабаб бўлади.
Лекин мижоз тўловни иқтисодий-молиявий ҳолати ёмонлашгани учун, яъни объектив сабабларга кўра ўз вақтида амалга оширилмаганлигини исботлаб берса, бундай мижозга нисбатан жарима қўлланилиши тўғри эмас.
[1] Жарима тўлаш бўйича мижоз тарафидан олинган мажбурият бу мижознинг ижара берувчи олдидаги аҳди (онт/қасам/қатъий ваъда) ҳисобланади;
[2] Бундай жарималардан хайрия ташкилотига тушган пул маблағлари қарз ҳасан (фоизсиз қарз) сифатида муҳтожларга берилиши ҳам мумкин