Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) халқаро молия муассасаси бўлиб, Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳи таркибига киради. ICD 1999 йил ноябр ойида хусусий тармоқ лойиҳаларини молиялаштириш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш, ҳукуматлар ва хусусий компанияларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва ташқи инвестицияларни рағбатлантириш орқали аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Ислом тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлган 55 та давлат, ҳамда бешта давлат молиявий муассасалари ICD нинг акциядорлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси 2004 йилнинг 14 сентябрида ICD га аъзо давлатлар қаторига қўшилган.
ICD нинг ислом молия оқимларини кенгайтириш стратегияси, ҳамда МДҲ мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам ўз фаолиятини кенгайтириш режаларига мувофиқ, 2006 йилдан бошлаб ICD турли лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистонга 378 миллион АҚШ доллари миқдорида молия маблағлари ажратишни мақуллади. Шундан 310 миллион АҚШ доллари ўрта ва кичик бизнес корхоналарини ривожлантириш мақсадида, уларнинг 200 минг АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлган лойиҳаларини Муробаҳа молия маҳсулоти орқали молиялаштириш учун йўналтирилган.
Ҳозирда ICD маслаҳат гуруҳи Қишлоқ қурилиш банк, Агробанк, Трастбанк, Капиталбанк, ҳамда Азиа-Алиянс банкида Ислом дарчалари (Islamic windows) очиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу дарчалар орқали жисмоний ва юридик шахсларга ислом молияси тамойиллари асосидаги молиявий хизматларни таклиф этиш кўзда тутилган.