Рибо/ ربأ , Ғарар /غرر ва Майсир/ميس шариатдаги асосий тақиқлардан бўлиб, турли (савдо/молия ва ҳоказо) битимларда улардан сақланиш лозим. Қуйида ушбу тақиқлардан бири бўлган Ғарарни батафсил ўрганиб чиқамиз.
Ғарар тушунчаси ва турлари
Ғарар арабча сўз бўлиб кенг маъноли тушунча ҳисобланади. Сўзма-сўз таржима қилинганда алдов, ҳаддан ошиқ таваккалчилик, товламачилик / қаллоблик, ноаниқлик / мавҳумлик ёки хавф-хатар маъноларини билдириб, ҳар қандай тадбиркорлик фаолияти ёки шартномада йўл қўйилиши томонлардан бирининг асоссиз йўқотишларига, бошқа томоннинг эса адолатсиз бойишига олиб боради.
Ғарар, шартнома мавзусига (предметига) тегишли турли масалалар тафсилоти (масалан маҳсулот ёки хизмат сифати, таснифи каби), томонларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, шартноманинг якуний натижаси ҳақида дудмалик/ноаниқликларни ўз ичига олади. Ғарар кўриниши мавжуд бўлган ҳар қандай савдо ёки бизнес келишувлари қатъий тақиқланади. Шариат уламоларига кўра шартноманинг тақиқланиши унинг асосий жиҳатларида хатар ёки ноақниқликнинг меъёридан ортиқ бўлиши ва шу сабабли шартноманинг умумий жиҳатларига таъсир қилиши билан изоҳланади. Жаҳолат, яъни билимсизлик ғарарнинг бир қисмидир ва шартноманинг табиати, шартлари, жиҳатлари, тафсилоти ва ҳ.к.з. ларни аниқ-тиниқ тушунмаслик/билмасликни англатади.
Табиатига кўра ғарар (كثير) кўп, (متوسط) ўртача, ёки (يسير) оз даражада бўлиши мумкин. Унинг битимга бўлган таъсирига келсак, ғарар (مفسد للمعاملة) шартномани йўққа чиқарадиган даражада бўлиши ҳам ёки (غير مفسد لها) бундай бўлмаслиги ҳам мумкин.
Ғарарнинг Шариатдаги ҳукми
Шариатда битим шартларини амалга оширишни хавф остида қолишига сабаб бўладиган даражадаги ғарар аралашган шартнома тузилишига рухсат берилмайди. Бу мақсадлар учун ғарарнинг даражалари қуйидагича баҳоланади.
Ислом ҳуқуқшунослигида шартномалар қиймат алмашинувига кўра икки турли бўлиши мумкин: а) икки томонлама (муъавада – معاوضه) ёки б) бир томонлама (табарруъ – تبرُّع).
Савдо, ижара ва шерикчилик шартномалари икки томонлама шартномалар ҳисобланади ва уларга ғарар таъсир қилади, аммо хайрия/грант/ҳадя каби бир томонлама шартномаларга таъсир қилмайди. Нега ғарар бир томонлама шартномаларда кузатилса ҳам рухсат этилади, лекин икки томонлама шартномаларда тақиқланган?
Икки томонлама шартномалар натижасида мол-мулк алмашинуви содир бўлади ёки манфаатга (даромад) эга бўлинади. Шу сабабли бундай амалиётларда ҳаддан ошиқ ғарарга қўл қўйилмайди, чунки бу, шартнома томонларининг бири қўллаган алдов ва ҳийла-найранг сабабли ҳар икки томон учун ҳам хатарли бўлиши ва зарар келтириши мумкин.
Бир томоннинг беғараз шартнома бўйича «мажбурияти» ихтиёрийдир. Бу шартноманинг асосий хусусияти, бир томон иккинчи томонга ўз мулкини ихтиёрий равишда хайр-эҳсон қилиши мумкинлигида. Бунда хайр-эҳсон қилувчи ўзининг ҳар мулкини ҳеч қандай тўловсиз (моддий мукофотсиз) бошқа томонга ўтказиб бериши мумкин. Шу сабабли бундай шартномаларда ғарарга йўл қўйилиши мумкин (агар бу фирибгарлик/қаллоблик бўлмаса албатта), чунки бундай битимларда қабул қиливчи томоннинг зарар кўриш хавфи йўқ.
Бундай шартномалар тоифасига: совға (هبة), васият (وصية), вақф (وقف), хайрия (эҳсон/садақа) (صدقة), ваколат (وكالة), кафолат (كفالة) ва қарз (قرض) киради. Бунда совға қилувчи томон совға юзасидан муайян бир шартлар ўрнатиши мумкин (масалан инсон ўз фарзандига, «агар бу йил мактабни аъло баҳоларга битирсанг мен сенга қандайдир қимматбаҳо совға бераман» дейиши). Бундай шартлар ғарар кўринишларига эга бўлиши мумкин (масалан қачон ва қандай ҳолатда совға иккинчи томонга берилиши юзасидан). Бундай бир томонлама хайрия шартномаларида иккинчи томоннинг ҳеч қандай йўқотиш ёки молиявий зарар кўриш хавфи бўлмагани учун ғарарнинг мавжуд бўлишига тақиқ йўқ.