Фарзандларнинг меросдан қанча улуш олишлари бўйича ҳукм “Нисо” сурасининг 11-оятида батафсил ёритиб берилган:
﴾يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ فَإِنْ كُنَّ نِسَاءً فَوْقَ اثْنَتَيْنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَ وَإِنْ كَانَتْ وَاحِدَةً فَلَهَا النِّصْفُ﴿
“Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми… .”
Ушбу оятга мувофиқ фарзандлар мероси бўйича 3 хил ҳолат бўлиши мумкин:
1. Меросхўрлар фақат ўғил фарзандлардан иборат.
2. Меросхўрлар фақат қиз фарзандлардан иборат.
3. Ўғил ва қиз фарзандлар аралаш (жамланган) ҳолда.
1-ҳолат. Меросхўрлар фақат ўғил фарзандлардан иборат бўлса.
Бу ҳолда ҳам икки хил вазият бор:
а) меросхўрлар орасида фарз эгалари(ота-она, бобо-буви, эр ёки хотин) бўлмаса,
улар асабалик (марҳумга яқин эркак қариндошлик)ка кўра меросни тенг тақсимлаб олишади. Бунда уларнинг ёшининг аҳамияти йўқ. Лекин барчалари мусулмон бўлишлари шарт.
Мисол: Бир инсон вафот этди. Ортидан фақат 3 та ўғил меросхўр сифатида қолди. Тарика, яъни маййит қолдирган мол-мулкнинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Мерос миқдори фарзандлар ўртасида тенг тақсимланади: 12:3=4 млн, яъни уч ўғилнинг ҳар бири 4 млн.сўмдан мерос олади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши (қисм) | Оладиган мерос миқдори |
ўғил | Асаба (яқин эркак қариндош) | 1 | 4 млн |
ўғил | Асаба (яқин эркак қариндош) | 1 | 4 млн |
ўғил | Асаба (яқин эркак қариндош) | 1 | 4 млн |
б) меросхўрлар орасида фарз эгалари (ота-она, бобо-буви, эр ёки хотин) мавжуд бўлса,
дастлаб фарз эгалари ўз меросларини олишади, қолган мерос ўғил фарзандлар ўртасида тенг тақсимланади. (фарз эгалари ҳақида келгуси ўринларда батафсил тўхталиб ўтамиз)
Мисол: Бир инсон вафот этди. Ортидан ўғли ва онаси меросхўр сифатида қолди. Тарика, яъни маййит қолдирган мол-мулкнинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича амалга оширилади:
Тақсимот: она меросда фарз эгаси ҳисобланади. Марҳумнинг фарзанди бўлса, онанинг фарз улуши олтидан бирга (1/6) тенг бўлади. 12 млн.нинг олтидан бири 2 млн.га тенг. Мероснинг қолган қисми эса асаба (яъни марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида ўғилга тегишли бўлади.
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши (қисм) | Оладиган мерос миқдори |
она | Фарз эгаси – 1/6 | 1 | 2 млн |
ўғил* | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 5 | 10 млн |
* ўғил фарзандлар икки ёки ундан кўп бўлишса, қолган меросни тенг тақсимлаб олишади.
2-ҳолат. Меросхўрлар фақат қиз фарзандлардан иборат бўлса.
Марҳумнинг ортидан фақат қиз фарзандлар қолса, улар фарз эгаси сифатида меросдан ўз улушларини оладилар.
Бу ҳолда ҳам 2 хил вазият мавжуд:
а) қиз фарзанд битта бўлса, унинг меросдаги фарз улуши тарика (марҳум қолдирган жами мол-мулк) нинг ярми (1/2)га тенг бўлади.
Мисол: Бир инсон вафот этди. Ортидан бир қизи ва марҳумнинг укаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулк)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: қиз фарзанд мероснинг ярмини (12 млн:2= 6млн) олади, қолган қисми эса асабалик (марҳумга яқин эркак қариндошлик)ка кўра марҳумнинг укасига бўлади.
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
қиз | Фарз эгаси – 1/2 | 1 | 6 млн |
ука | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 1 | 6 млн |
б) қиз фарзандлар икки ёки ундан ортиқ бўлишса, у ҳолда улар мероснинг учдан икки (2/3) қисмини ўзаро тақсимлаб олишади.
Мисол: Бир инсон вафот этди. Ортидан икки қизи ва унинг (яъни марҳумнинг) акаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулк)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: қиз фарзандлар мероснинг учдан икки қисмини (12:3х2=8млн) фарз эгаси сифатида олишади, мероснинг қолган қисмини (12-8=4) эса асаба сифатида марҳумнинг акаси олади (шунда мерос 3 қисмга тақсимланади, бир қисми тўнғич қизга, бир қисми кенжа қизга, яна бир қисми эса акага тегишли бўлади).
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 4 млн |
қиз | Фарз эгаси – 2/3 | 1 | 4 млн |
ака | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 1 | 4 млн |
3-ҳолат. Меросхўрлар ўғил-қиз аралаш ҳолда бўлса.
У ҳолда “Нисо” сурасининг 11-оятига мувофиқ “бир ўғилга икки қиз насибасича…” бўлади. Бу вазиятда қиз фарзанд “фарз эгаси”, деган даражадан асабалик даражасига тушади (мерос илми бўйича бу ҳолат “бошқанинг сабабидан асаба бўлиш, яъни “асаба бил-ғойр” деб аталади).
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан бир қизи ва бир ўғли меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулкнинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: ўғил фарзанд қиз фарзандга қараганда икки ҳисса кўп мерос олади. Бу масалада 1 та ўғилнинг улуши 2 та қизнинг улушига тенг, деб олинади. Шунда жами улуш 2+1=3 бўлади. Яъни қиз фарзанд бир улуш, ўғил фарзанд эса 2 улуш олади. 12:3=4 млн.
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
ўғил | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғил ҳам, қиз ҳам асаба сифатида мерос олади) | 2 | 8 млн |
қиз | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғил ҳам, қиз ҳам асаба сифатида мерос олади) | 1 | 4 млн |
Мисол 2. Бир инсон вафот этди. Ортидан икки қизи ва икки ўғли меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: ўғил фарзандлар қиз фарзандга қараганда икки ҳисса кўп мерос олишади. Бу мисолда 2 та ўғилнинг улуши 4 та қизнинг улушига тенг, деб олинади, яъни қизлар бир улушдан олишади, ўғиллар эса икки улушдан олишади.
Меросхўрлар | Меросҳўр сифатидаги мавқеси | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
ўғил | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғиллар ҳам, қизлар ҳам асаба сифатида мерос олишади) | 2 | 4 млн |
ўғил | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғиллар ҳам, қизлар ҳам асаба сифатида мерос олишади) | 2 | 4 млн |
қиз | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғиллар ҳам, қизлар ҳам асаба сифатида мерос олишади) | 1 | 2 млн |
қиз | Асаба (яъни бу ҳолатда ўғиллар ҳам, қизлар ҳам асаба сифатида мерос олишади) | 1 | 2 млн |
Бунда:
Ўғил – Y; Қиз – Х, деб олсак, у ҳолда Y=2X;
Юқорида келтирилган мисолда 2 та ўғил, 2 та қиз
=> 2X+2X+X+X=6Х => 6X=12 млн
X=12/6=2 млн => Y=2*2=4 млн, яъни ҳар бир қиз боланинг улуши 2 млн. сўмга, ҳар бир ўғил боланинг улуши 4 млн.сўмга тенг.