15. Бас, инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неъмат берса, “Роббим мени икром қилди”, дейди. 16. Қачон У Зот уни синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, Роббим мени хорлади, дейди.
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида нотўғри тушунча бор. У ҳам бўлса, бойликни Аллоҳ тарафидан иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, яхши кўргани учун мол-дунё бериши, деб эътиқод қиладилар.
Аксинча, камбағалликни эса Аллоҳ тарафидан хўрлаш, хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида эса ундоқ эмас. Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ таоло тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон-синовдир, шунингдек, камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳ таолога итоат: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ таоло кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми? Шунинг учун ҳам кейинги оятни “Каллаа” деб рад билан бошлаяпти.
17. Йўқ! Балки етимларни икром қилмайсизлар.
Йўқ! Сизларнинг бу фикрингиз нотўғри. Аллоҳ таоло берган неъматни синов деб билмасдан, мен ўзим зўр бўлганим учун икромлаб берди, дейишингиз нотўғри. Ана шундай нотўғри фикрда бўлганингиз учун хам, етимларни икром қилмайсизлар. Уларга Аллоҳ таоло сизга берган неъматдаги ҳақларини бермайсизлар. Ҳолбуки, ўша неъматда етимнинг ҳам ҳаққи бор эди. Агар етимга ундан ўзига тегишли ҳаққини берганингизда синовдан яхши ўтган бўлар эдингиз. Сиз эса синовдан ўта олмадингиз. Шунингдек…
18. Бир-бирингизни мискинларга таом беришга ундамайсизлар.
Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўзингизга берилган неъматни синов эмас, шахсингизга икром, деб керилганингиздандир. Аллоҳ таоло сизга ўша неъматни: “Бандам шукр қилармикин, мен кўрсатган йўлларга сарф қилармикин, мискинларга ҳақларини берармикин”, деб синаш учун берган эди. Сиз эса Аллоҳ мени синаш учун бу неъматни берди, агар Аллоҳ хоҳласа, мени мискин қилиб, мискинни неъматлантириб қўяр эди, демадингиз. Мискинга Аллоҳ таоло сизга омонат учун берган неъматдан бермадингиз, ҳаттоки бир-бирингизни унга таом беришга ҳам ундамадингиз. Бу ҳам етмаганидек, сизлар…
19. Ва меросни шиддат-ла ейсизлар.
Сиз молу дунёга шунчалик ўчсизки, Аллоҳ таоло берган неъматга туймай, бировларнинг ҳаққи бўлмиш меросни ҳам (ўзинигизни молга қўшиб) шиддатла — ҳарис бўлиб ейсиз. Бу нарса бировнинг ҳаққи, бу мен учун ҳаром, демайсиз. Чунки…
20. Ва молни кўп яхши кўрасизлар.
Чунки сизнинг вужудингизни молу дунё муҳаббати қамраб олган. Қалбингизда молу дунё муҳаббатидан бошқа нарса йўқ. Кўзингиз молу дунёдан бошқа нарсани кўрмайди. Қулоғингиз молу дунёга оид гапдан бошқа гапни эшитмайди.
Манба: “Тафсири ҳилол”