Эр-хотиннинг меросдан қанча олиши бўйича кўрсатма “Нисо” сурасининг 12-оятида баён этилган:
وَلَكُمْ نِصْفُ مَا تَرَكَ أَزْوَاجُكُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُنَّ وَلَدٌ فَإِنْ كَانَ لَهُنَّ وَلَدٌ فَلَكُمُ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْنَ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِينَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ تُوصُونَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ﴾ [النساء:] 12
“Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса-чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади…”.
1. Эрнинг меросдаги ҳолати
Марҳуманинг эри мерос олиши борасида 2 хил ҳолат мавжуд:
а) хотиннинг ортидан зурриёти қолмаса
эр фарз эгаси сифатида хотини қолдирган мероснинг ярмини (1/2) олади. Бунга далил: “Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади…” (“Нисо” сураси, 12-оят).
б) хотиннинг ортидан зурриёти қолган бўлса
эр фарз эгаси сифатида мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини олади. Бунга далил: “Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади…” (“Нисо” сураси, 12-оят).
Зурриёт деганда ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли (қанча пастласа ҳам, ўғилнинг ўғлининг ўғли каби), ўғилнинг қизи (ўғилнинг ўғлининг қизи ва ҳкз)лар тушунилади.
Эслатма! Хотиннинг олдинги турмушидан фарзанди бўлса ҳам эр мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини олади.
Мисол. Бир аёл вафот этди. Ортидан эри ва акаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Эр фарз эгаси сифатида ярим (1/2) улуш олади, қолган мерос эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида акага берилади, чунки акадан олдинда турадиган асабалар – ўғил ёки ота бу мисолда йўқ. Демак, бу ҳолатда мерос 2 бўлакка тақсимланади, ярми эрга, қолган ярми акага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
эр | Фарз эгаси – 1/2 | 1 | 6 млн |
ака | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 1 | 6 млн |
Мисол 2. Бир аёл вафот этди. Ортидан эри, қизи ва укаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Эр – фарз эгаси, марҳуманинг қизи борлиги учун меросдаги улуши тўртдан бир (1/4) га тенг. Қиз ҳам фарз эгаси, ёлғиз бўлгани учун мероснинг ярми (1/2) ни олади. Фарз эгаларидан ортган мерос асаба сифатида укага берилади, чунки укадан олдинда турадиган асабалар – ўғил ва/ёки ота бу мисолда йўқ. Демак, мерос 4 та бўлакка бўлинади, бир бўлаги эрга; икки бўлаги қизга; ортиб қолган бир қисми укага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
эр | Фарз эгаси – 1/4 | 1 | 3 млн. |
қиз | Фарз эгаси – 1/2 | 2 | 6 млн. |
ука | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 1 | 3 млн. |
2. Хотиннинг меросдаги ҳолати
Вафот этган инсоннинг хотини мерос олиши 2 хил кўринишда бўлади:
а) эрнинг ортидан зурриёти қолмаса
хотин мероснинг тўртдан бир (1/4) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Бунга далил: “Улар(хотинларингиз)га сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади…” (“Нисо” сураси, 12-оят).
б) эрнинг ортидан зурриётлари қолса
у ҳолда хотин мероснинг саккиздан бир (1/8) қисмини фарз эгаси сифатида олади. Бунга далил: “Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади…” (“Нисо” сураси, 12-оят).
Эслатма! Эрнинг фарзанди бошқа аёлидан бўлса ҳам хотини мероснинг (1/8) қисмини олади.
Эслатма 2! Хотинлар сони биттадан кўп бўлса, улар битта хотинга тегадиган улушни ўзаро тенг тақсимлаб оладилар, яъни (1/4) га ёки (1/8) га шерик бўладилар. Бу ўринда айрим инсонлар иккинчи (учинчи, тўртинчи) аёли борлигини биринчи аёлидан яширади ва натижада иккинчи аёли ва унинг фарзандлари (яъни марҳумнинг шу аёлдан бўлган фарзандлари) меросдан Аллоҳ таоло белгилаб берган ҳақини ололмай қолади. Шунинг учун бу каби масалаларда эркаклар ўз масъулиятларини ҳис қилишлари жуда муҳим, чунки бу ўзгаларнинг ҳақини ноҳақ ейиш/ўзлаштириш билан боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда биз инсонларга хитоб қилиб: «Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз!..» (Бақара сураси, 188-оят), дейди (яъни, бир-бирингизнинг молингизни – ҳаққингизни емангиз). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур» (Имом Бухорий ривояти).
Мисол. Бир инсон вафот этди. Ортидан хотини ва акаси меросхўр сифатида қолди. Тарика (маййит қолдирган мол-мулклар)нинг жами миқдори 12 млн. сўм бўлса, мерос тақсимоти қуйидагича бўлади:
Тақсимот: Хотин фарз эгаси сифатида тўртдан бир (1/4) улуш олади, чунки марҳумнинг фарзанди йўқ. Ортиб қолган мерос эса асаба (марҳумга энг яқин эркак қариндош) сифатида акага берилади, чунки акадан олдинда турадиган асабалар – ўғил ва/ёки ота бу мисолда йўқ. Демак, меросни 4 та бўлакка тақсимлаймиз, бир улуш хотинга, қолган уч улуш акага бўлади.
Меросхўрлар | Меросхўр сифатидаги мавқеси ва меросдаги ҳақи | Меросдаги улуши | Оладиган мерос миқдори |
хотин | Фарз эгаси – 1/4 | 1 | 3 млн |
ака | Асаба – қолган мероснинг ҳаммаси | 3 | 9 млн |