Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас.
Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало, мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.
Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган
«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан:
«Агар мўмин бўлсангиз», –деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят
«Аллоҳга тақво қилинг»,–деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.
Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Худосиз тузумлар миршаб, жосус ва аскарларни кўпайтириш билан ҳукм юритишга уринсалар, Исломда кишиларнинг қалбларидаги тақводорлик ҳис-туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилинади. Ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўсткалласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.
Яъни, агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.
Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимларининг Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг…» оятлари нозил бўлди.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақда Итоб ибн Усайдга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини ҳам тарк этамиз», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганларини эълон қилдилар.
Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, рўзғор тебратиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган киши билан хайр-эҳсон ёки яхши қарз бериш билан молиявий алоқа олиб бориш лозим.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва «Улар баробардирлар», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан рибонинг қанчалар ёмон нарса эканини яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолиши турган гап. Улар:
1. «Рибохўр»;
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам албатта, У Зотнинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.
2. «Унинг едирувчиси»;
Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади. Чунки у молиявий муомалани ҳаром қилинган йўл билан амалга оширди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиши керак эди.
3. «Котиби»;
Яъни рибо муомаласини ёзиб, ҳужжатлаштирган киши. Чунки у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди ва ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.
4. «Икки шоҳиди».
Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишга рози бўлгани ана шу ҳаром ишни тан олганининг аломатидир.
Манба: https://islom.uz да берилган мақолалар асосида тайёрланди.