Баҳрайн ҳукумати ўз аҳолисини турар-жой билан таъминлашга ҳаракат қилар экан, даромад даражаси чекланган аҳоли вакилларини ҳам назардан четда қолдирмаган. Бу синфга кирувчи фуқаролар учун махсус “Мазая” дастури ишлаб чиқилган.
“Мазая” қандай дастур?
“Мазая” – бу Баҳрайн Уй-жой қурилиши вазирлиги ва Kuwait Finance House (Кувайт давлатидаги энг йирик Ислом молия муассасаларидан бири)нинг Баҳрайндаги филиали ҳамкорлиги доирасида, шунингдек Баҳрайн Миллий банки ва Эскан банк ўртасидаги шартномага мувофиқ тузилган уй-жойларни молиялаштириш схемаси бўлиб, унга биноан Баҳрайн ҳукумати маълум тоифадаги фуқароларга улар уй-жой харид қилишлари учун молиявий кўмак / имтиёз беришни таъминлайди.
2013-йилда бошланган ижтимоий уй-жой билан таъминлаш дастури (кейинчалик “Мазая схемаси” деб номланган) Дастурнинг асосий мақсади ижтимоий уй-жойларни харид қилишга ариза топширган кишиларга молия муассасалари томонидан маблағ олишда ёрдам бериш, шунингдек уй-жой сотиб олиш учун давлат томонидан молиявий кўмак ажратиш ҳисобланади.
Мазая дастури ҳақидаги бирламчи муҳим маълумотлар
Қабул қилиш мезонлари
Мазая дастуридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун мижозлар Баҳрайн фуқароси бўлиши, аризачи ёши 21 дан 35 гача бўлиши, ойлик даромади 600-1200 Баҳраин динори оралиғида бўлиши керак (Баҳрайнда ўртача иш ҳақи 1480 Баҳраин динорига тенг). Мазкур ёш оралиғида бўлган аҳоли вакиллари учун 25 йилгача бўлган муддатда уй харид қилиш имкони берилади. Янги киритилган ўзгаришларга кўра, ёш чегараси 50 ёшгача кўтарилди, фақат бу ёшдаги инсонларда 60 ёшгача бўлган давр тўлов муддати сифатида қаралади. Яъни 40 ёшли фуқаро бу дастурдан максимал 20 йил (60-40=20) ёки 47 ёшли фуқаро максимал 13 йил (60-47=13) фойдаланиши мумкин.
Учинчидан, дастур фойдаланувчиcи, ҳар қандай ҳолатда, Баҳрайн Қироллигида доимий равишда яшайдиган фуқаро бўлиши керак.
Афзалликлари
Дастур ўзининг барча фойдаланувчилари учун махсус афзалликлар тақдим этади:
1. Дастур учун рўйхатга ёзилгач, узоқ муддат кутиш шарт эмас, ариза топширилган заҳоти, белгиланган талабларга жавоб берилса, янги уй олиш ҳуқуқини берилади.
2. Фойдаланувчиларга вазирлик томонидан тасдиқланган ҳар қандай уй-жой мажмуасидан хонадон ёки ҳовли сотиб олишга рухсат берилади.
3. Фойдаланувчига Мазая дастурида иштирок этаёган банклардан ислом молияси шартларига мувофиқ кўчмас мулкни молиялаштириш маблағларини олишга рухсат берилади.
4. Дастурдан фойдаланувчилар ҳар ой ўз даромадининг атиги 25 фоизини банкларга ипотека пули сифатида тўлайди, қолган тўловлар ҳукумат томонидан тўлаб берилади.
Дастурдан фойдаланиш шартлари
Асосий шартлар 3 қисмга бўлинади:
1. Банклар томонидан молиялаштириш жалб қилинганда, 90 000 Баҳрайн динори (бугунги кундаги курс бўйича 238 705,92 АҚШ долларига тенг) – қарз сифатида олиш мумкин бўлган энг кўп миқдор ҳисобланади. Аксарият банклар бошланғич тўловларни талаб этишмаса-да, айрим банклар хонадоннинг умумий қийматидан 5 фоиз ёки 10 фоиз миқдорда дастлабки тўловни амалга оширишни сўрашлари мумкин.
2. Уйнинг рухсат этилган энг юқори нархи 120 000 Баҳрайн диноридан ошмаслиги лозим. Банклар фақат 90 000 Баҳрайн динори миқдорида молиялаштиришни амалга оширишларини ҳисобга олсак, 120 000 динор қийматидаги мулк сотиб олинган тақдирда, ариза берувчилар ўртадаги фарқни, яъни 30 000 динорни тўлашлари керак бўлади.
3. Мазая дастури доирасида фақат янги қурилган хонадонларни сотиб олиш мумкин, энди қурилаётган ёки қурилиши якунланмаган бинолар эса дастурга киритилмаган.
Иштирокчи девелоперлар (уй-жой, кўчмас мулк қурувчи пудратчи ташкилотлар)
Бир қатор таниқли ва аккредитациядан ўтган кўчмас мулк девелоперлари Мазая дастурига киритилган бўлиб, харидорларга ушбу дастурда рўйхатдан ўтган ҳар қандай кўчмас мулкни сотиб олиш ҳуқуқи берилади.
Иштирокчи молия муассасалари
Мазая дастуридан фойдаланишни хоҳловчилар ушбу дастурга кирган банклардан бирига мурожаат этишлари мумкин.
Талаб этиладиган ҳужжатлар:
Дастурдан фойдаланмоқчи бўлганлар қуйидаги ҳужжатларни Уй-жой қурилиш вазирлигига топширишлари шарт:
1. Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома
2. Банк ҳисоб-рақамининг сўнгги 3 ойдаги операцияларидан кўчирма
3. ID-гувоҳнома нусхаси
4. Бошқа муассасалардан олган кредит ҳисоботи.
Мазая дастурига баъзи юқори даражадаги уй-жой мажмуалари ҳам киритилган (яъни фақат арзон уй-жой мажмуалари киритилмаган).
Мазая дастури бўйича кўчмас мулк, қурилиш, пудрат ишлари, муҳандислик бўйича маслаҳатлар ва чакана савдо соҳаларига жами 837 миллион Баҳрайн динори (2,2 миллиард доллар) инвестициялар жалб қилинган бўлиб, бу кўрсаткич лойиҳанинг миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашдаги аҳамиятини кўрсатади.
Йилдан йилга Мазая дастуридан фойдаланувчилар сони ошиб бормоқда. 2015 йилда ушбу дастурдан 773 нафар фуқаро уй-жой харид қилишда фойдаланган бўлса, 2019 йил давомида 1358 киши дастур иштирокчисига айланди.
Ислом банклари томонидан кўчмас мулкни молиялаштиришда бир неча ислом молияси маҳсулотларидан фойдаланишади (анъанавий банкларда бу амалиёт “Ипотека кредити” номи билан машҳур):
1. Муробаҳа
Муробаҳа шартномасига кўра, ислом банки, дастлаб, мижоз танлаган уйни сотиб олади ва ўз балансига (яъни эгалигига) олади. Сўнг уй таннархига тўлов муддатини инобатга олган ҳолда ўз устамасини қўшади ва мижозга узоқ муддатга сотади. Мулкка эгалик ҳуқуқи олди-сотди битими имзолангач, мижоз тассарруфига ўтади. Мижоз келишилган давр мобайнида (ҳар ой ёки ҳар чоракда) банкка тўловларни амалга ошириб боради.
Айтайлик, уй нархи 50 000 динор бўлса, ислом банки уйни сотиб олгач, унинг таннархига ўз фойдасини, масалан, 10 000 динорни қўшади. Натижада мижозга уйни 60 000 динорга 15 йил муддатга сотади. Мижоз 15 йил давомида йилига банкка 4000 динордан (60000/15) тўлаб боради.
2. Камайиб борувчи мушорака
Камайиб борувчи мушорака битимига кўра, мижоз ва ислом банки ўзаро шерикчиликда кўчмас мулкни харид қилади ва келишилган муддат якунига қадар банкнинг улушини сотиб олишга ваъда беради. Мазкур амалиётда ислом банки анъанавий банклар каби фоиз ҳисобига эмас, балки ижара ҳақи ҳисобига фойда олади. Буни биз ушбу мавзудаги мақоламизда батафсил ёритганмиз.
3. Ижара мунтаҳийя бит-тамлик (эгалик билан якунланувчи ижара)
Ислом банклари томонидан уй-жойни молиялаштиришда қўлланиладиган яна бир усул Ижара мунтаҳийя бит-тамлик бўлиб, бу схема молиявий ижарага жуда ўхшаб кетади. Ислом банки мижоз танлаган уйни харид қилади ва уни ўша мижозга маълум давр учун ижарага беради, ижара тўловлари таркибига уй нархининг қанчадир қисми ҳам қўшилади. Белгиланган муддат якунига етгач ва барча тўловлар тўлиқ тўлангач, уй банк балансидан чиқиб, мижоз эгалигига ўтади.