Ислом молиясида “қисмату ғурамо” (قسمة الغرماء) тушунчаси бор. Бу ҳуқуқий-иқтисодий атама бўлиб, қарздорлик ҳолатида активларни қарздорлар ўртасида адолатли тақсимлашни англатади.
“Қисмату ғурамо”нинг луғавий маъноси:
“Қисмат” — тақсимлаш, бўлиш,
“Ғурамо” — бир шахс қарздор бўлган бир неча талабгорлар (кредиторлар).
Демак, “қисмату ғурамо” — бир шахснинг активлари бир нечта кредиторлар ўртасида ҳар бирининг молиявий талаби даражасини инобатга олган ҳолда тақсимланиши. Бу, шахс ёки ташкилот муфлис – банкрот бўлган пайтда қўлланилади.
Асосий хусусиятлари:
- Барча қарздорлар тенг ҳуқуққа эга — уларнинг талаблари адолат билан, мутаносиб равишда қондирилади.
- Қарз миқдорига мутаносиб тақсимот.
- Устуворлик йўқ (агар шариатда алоҳида афзаллик белгиланмаган бўлса), яъни бир кредитор бошқасидан устун қўйилмайди.
- Бу тушунча ислом молия ҳуқуқи (фиқҳ ул-муамалот) доирасидаги муфлис/банкрот шахслар билан боғлиқ ҳукмлар қаторига киради.
Масалан:
Агар бир муфлис/банкрот ташкилотнинг 10 миллион сўмлик активлари қолса ва у 5 нафар кредиторга жами 20 миллион сўм қарздор бўлса, у ҳолда ҳар бир кредитор ўз талабининг 50%ини олади (чунки 10/20 = 0.5). Бу — қисмату ғурамо асосидаги тақсимотдир.
Қисмату ғурамо ҳолатида аввалроқ қарз берган билан кейинроқ қарз берган кредиторнинг ўзаро фарқи борми, деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади:
Қисмату ғурамо тизимида биринчи қарз берган ҳам, кейинги қарз берган ҳам — тенг мақомда ҳисобланади. Бунда, қарз қачон/қай тартибда берилгани эмас, қарз миқдори ва умумий қарзга нисбатан мутаносиблик муҳим ҳисобланади.
Қисмату ғурамо – бу шаффоф ва адолатли тақсимот усули бўлиб, фақатгина шариат белгилаган ҳолларда кредиторларга афзаллик (устуворлик) берилиши мумкин. Демак, барча кредиторлар бир хил ҳуқуққа эга ва қарздорнинг активлари барча кредиторлар ўртасида мутаносиб тақсимланади (яъни aввалроқ қарз берганга афзаллик берилмайди).
Масалан:
- Абдуллоҳ қарздор. Унинг жами активлари – 60 млн сўм.
- У Иброҳимга 40 млн сўм қарздор (қарз 6 ой олдин олинган),
- Ҳасанга эса 60 млн сўм қарз (1 ой олдин олинган).
Умумий қарз: 100 млн сўм, лекин Аҳмаднинг фақат 60 млн сўмлик активи бор.
Бу ҳолатда тақсимот қуйидагича амалга оширилади:
- Иброҳимга: (40/100) × 60 = 24 млн сўм (яъни 60 млн.сўмнинг 40 фоизи);
- Ҳасанга: (60/100) × 60 = 36 млн сўм (60 млн.сўмнинг 60 фоизи).
Мана шу қисмату ғурамо асосидаги мутаносиб тақсимот.
Истиснолар:
Ислом ҳуқуқида баъзи ҳолатларда айрим қарзлар устувор саналиши мумкин. Масалан:
- Қарз гаров/кафолат билан таъминланган бўлса (яъни қарз таъминланган гаров сотилади ва қарз ёпилади, чунки қарз айнан ўша гаровдаги актив билан таъминланган);
- Хизмат/иш ҳақи, нафақа ёки мерос бўйича қарздорлик;
- Суд/қози томонидан алоҳида ҳукм чиқарилган бўлса.
@IslomMoliyasi телеграм саҳифаси