Бу компанияга нафақат Ўзбекистондаги молиявий ташкилотларда ўз маҳсулотларини жорий этиш, балки халқаро бозорга чиқиш имкониятини ҳам беради.
2024 йил декабрь ойида Fido-Biznes компанияси Ўзбекистон бозорида илк бор FB Islamic Finance дастурий маҳсулотини ишлаб чиққан эди. Унинг асосий хусусияти ислом ҳуқуқи (шариат) талабларига мос келиши, рибони (фоизли қарзларни) истисно қилиши ва ахлоқий меъёрларга риоя қилинишидадир. Бу уни Ўзбекистонда ислом молияси йўналишида фаолият юритишга интилаётган ташкилотлар, жумладан банклар, микромолия ташкилотлари ва лизинг ташкилотлари учун ноёб ечимга айлантиради,
FB Islamic Finance нафақат ислом молияси тамойилларига тўлиқ мос келади, балки маҳаллий бозорга ҳам тўлиқ мослаштирилган ва молиявий ташкилотлар инфратузилмаси билан интеграция (бирлашиш)га тайёр. FB Islamic Finance’нинг микросервис (microservice) архитектураси асосида ишлаб чиқилиши янги маҳсулотларни бозорга тезроқ жорий этиш имконини беради (Time To Market), жараённи соддалаштиради ва ишга тушириш харажатларини камайтиради. Таъкидлаш лозим, Fido-Biznes компанияси 24/7 тартибида техник қўллаб-қувватловни таъминлайди.
Fido-Biznes компаниясининг халқаро Alhamd Shariah Advisory Services Private Limited (Покистон) ташкилоти билан илгари ўрнатилган ҳамкорлиги натижасида жорий йилнинг февраль ойида FB Islamic Finance’нинг иккита маҳсулоти – Мурабаха ва Ижара – Ислом молия институтлари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI) Шариат меъёрларига мувофиқлиги бўйича халқаро сертификат олди. Бу FB Islamic Finance’ни нафақат Ўзбекистон молиявий ташкилотларида жорий этиш, балки халқаро бозорга олиб чиқиш имконини ҳам беради.


Келгусида Fido-Biznes жамоаси Музораба (ишончли бошқарув — даромадларни тақсимлаш), Мушорака, Истисно ва Салам каби бошқа исломий молиявий маҳсулотларни жорий этишни режалаштирмоқда, шунингдек, ушбу маҳсулотлар учун AAOIFI халқаро сертификатларини олишни мақсад қилган.