Савдода харидорни маҳсулотнинг ҳаққоний бозор нархидан маҳрум қилиш деган тушунча бор. Бунда, бозорга энди кириб келган, бозор нарх-навосидан хабари бўлмаган (масалан, хорижлик сайёҳ) ёки табиатан содда харидорга маҳсулотни тожир/савдогар ҳаддан зиёд қиммат нархда сотади ва шу орқали харидорни адолатли нарх-наводан “маҳрум” қилиш ҳолати юзага келади.
Маҳрум қилишнинг турли кўринишлари бор. Масалан, маҳаллий тожирларнинг (олиб-сотарлар) қишлоқдан маҳсулот олиб келаётган деҳқонларнинг йўлига чиқиб улар бозордаги нарх-навони билмасидан туриб уларнинг молини арзон-гаров сотиб олиши ҳам маҳрум қилишга киради.
Маҳрум қилишнинг яна бир кўриниши араб тилида “нажш” деб аталади, бунда мол олиш нияти бўлмаган одам ўзини харидорга солиб молни нархини кўтаради (бундай одамлар одатда сотувчи бн келишиб иш қилишади), натижада бошқа ҳақиқий харидорлар бу қилвирликка ишониб молни ҳақиқий нархидан юқори нархга сотиб олишади. Бундай қилвир ишлар асосан машина ёки уй-жой бозорларида юз беради.
Яқинда америкада яшаётган ўзбеклар ҳаёти ҳақида олинган бир видеокўрсатувни кўрдим. Ўша кўрсатувда яқинда исломни қабул қилган америкалик йигит Ўзбекистонга келганлигини ҳикоя қилиб, менга Самарқанд ва Бухорода бирор нима олмоқчи бўлсам ёки бирор хизмат туридан фойдаланмоқчи бўлсам нархларни 5 баравар юқори айтишди, мен ундан бир неча кун аввал Тошкентда бўлганим учун нарх-наводан анча хабардор эдим, ундан ташқари ўзбек биродарларим ҳам мени огоҳлантиришган эди, шунинг учун мен чув тушмадим, лекин хорижлик экан деб бунақа иш қилиш мусулмонларга хос иш эмаску деб, таажубланиб гапирди. Албатта, бу мусулмонга хос иш эмас. Малайзия ва Индонезия каби мамлакатлар аҳолисининг ислом динига юзланиши асосан мусулмон тожирларининг одоби, яъни уларнинг омонатдорлиги, тўғрисўзлиги ва ҳалоллилиги сабабли бўлганлиги тарихдан маълум.
Баъзилар эътироз қилиши мумкин, “бозор нархида устаманинг чегараси бўлмайди, яъни нарх-наво бозорнинг ўзида шаклланади”, деб. Тўғри, неча фоиз устама қўйиш сотувчининг ўзига ҳавола, сабаби, нарх-навонинг белгиланишига кўплаб омиллар сабаб бўлади. Бироқ, маҳсулотнинг ўта баланд нархда сотилганини исботлаш унчалик қийин эмас. Чунки бозордаги шунақа маҳсулотга ёки хизмат турига бўлган нарх-наво шаклланган бўлади. Бир сотувчининг ўзи, бир маҳсулотни бозорни биладиган махаллий харидорга 10 минг сўмга, бошқа жойдан келган (яъни махаллий бўлмаган) одамга 50 минг сўмга сотиши айни маҳрум қилиш бўлади. Ҳаммамиз бозор қоидаларини яхши биламиз, сотувчи турли харидорга турлича нарх айтиши мумкин, лекин бу маълум чегарада бўлади, масалан 5%-10%, лекин бу тафовут ҳеч ҳам 500% бўлмайди.
Хуллас, агар шундай нажш ёки маҳрум қилиш ҳолати аниқланса, пулидан ноҳақ маҳрум бўлган харидор байни (келишувни) бузишга ва молни сотувчига бериб, пулини ундан қайтариб олишга ҳақли бўлади.
Сулаймон Ар-Руҳайлийнинг “Савдога оид фиқҳий қоидалар” китоби асосида тайёрланди