Омон Султонлиги* Марказий банки ислом банк саноатининг ликвидлик талабларини (яъни ислом банклари томонидан мижозлар лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур бўлган пул маблағларига бўлган талабини) қондиришга қаратилган сай-ҳаракатлари доирасида шариатга мувофиқ бўлган бир қатор пул бозори маҳсулотларини яратиш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Бу нима учун муҳим?
Омон Марказий банки 2012-йилда мамлакатда ислом молияси жорий этилганидан бошлаб ушбу тизимни қўллаб-қувватлаб, ислом банклари учун тўлиқ тартибга солувчи базани ишлаб чиқди. 2015-йилдан бошлаб сукук (ислом қимматли қоғози) чиқарила бошлади, бу эса ислом банкларига, ликвидликни бошқаришда шариат талабларига жавоб берувчи восита бўлган ислом қимматли қоғозларидан фойдаланиш имкониятини берди.
Moody’s агентлиги тақдим қилган маълумотларига кўра, янги жорий этилган воситалар ислом банкчилиги соҳасини кенгайтириш, шу жумладан ислом банкларининг активлари базасини диверсификация қилиш (яъни турли йўналишларга тақсимлаш), молиялаштириш тизимини яхшилаш, Омондаги ислом банклари ва ислом дарчаларининг ликвидлик талабларини қондиришга кўмаклашиш орқали ислом ва анъанавий банк тизими учун тенг шароит яратиш имконини беради.
Баъзи статистик тафсилотлар:
Омон Марказий банки, ўрта муддатли, бешта устунга асосланган барқарор ўсиш бўйича ислом банки режасини якунламоқда: (1) жадал ўсишни қўллаб-қувватлаш, (2) барқарорликни ошириш, (3) таъсир доирасини кенгайтириш, (4) истеъдодли ходимларни тарбиялаш ва ( 5) хабардорликни ошириш.
Омон исломий банк секторининг жами активлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 % ўсиб, 2021-йил декабр ҳолатига кўра 5,9 миллиард OMR (15 миллиард АҚШ доллари)га етди.
Омондаги исломий банк активлари 2022-йил май ойи ҳолатига кўра мамлакатнинг барча банк активларининг 16% дан ортиғини ташкил этди.
_____________________________________
*Омон давлатининг номи ўзбек тилида турли кўринишларда, жумладан Омон, Ўмон ва Уммон деб қўлланиб келмоқда. (ушбу давлат номи инглиз ва рус тилларида ҳам Oman / Оман деб ёзилади).