Ҳозирги замонга келиб савдо номлари ва савдо белгиларининг олди-сотдиси жуда ҳам ривожланди ва унинг турлари ва кўринишлари ҳам кўпайди. Бу ҳақда олдинги мақоламизда ҳам сўз борган эди. Бугун эса бизнес оламида “франчайзинг” ва “франшиза” каби тушунчалар ва уларнинг шаръий ҳукми ҳақида гапирамиз. Бундай ҳуқуқнинг тартиби қуйидагича бўлади: бир ташкилот (фирма, компания) ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳаларининг бирортасида яхши фаолият олиб боради ёки сифатли маҳсулот ишлаб чиқариб, инсонлар орасида унинг номи таниқли ва машҳур бўлиб кетади. Сўнг бошқа бир тадбиркор ўзининг шаҳри ёки юртида ўша машҳур фирманинг бирор шўбасини очмоқчи бўлади ва маълум муддатга, муайян нарх эвазига ўша фирма билан шартнома тузиб “франшиза”, яъни шу фирма номидан фойдаланиш ва унинг бизнес жараёнини қўллаш ҳуқуқини сотиб олади. Бунинг ёрқин мисоли тариқасида бутун дунёда фаолият олиб бораётган KFC, KingBurger, Starbucks, McDonald’s каби машҳур овқатланиш шаҳобчаларини айтиб ўтиш мумкин. Яъни ушбу овқатланиш шаҳобчалари марказлаштирилган тарзда битта жамоа томонидан бошқарилмайди, балки турли жойларда (мамлакатлар, шаҳарлар…) турли фирмалар томонидан сотиб олинган франшиза доирасида бошқарилади. Албатта, франшиза келишуви асосида ўз номи ва бизнес тизимидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этган фирма – франчайзер, бизнес жараёнлар қандай бошқарилаётганлигини назорат қилади, чунки франшиза асосида фаолият юритаётган махаллий фирманинг нотўғри хатти ҳаракатлари франчайзернинг обрўси тушишига сабаб бўлади.
Аввалги мақолада айтилганидек савдо номи ва савдо белгисини айирбошлаш жоиз бўлгани каби, “франшиза” (ҳуқуқи)нинг олди-сотдиси ҳам жоиздир.
Демак, агар бу ҳуқуқ харидорга доимий қилиб берилаётган бўлса, бу савдо деб ҳисобланади. Лекин маълум бир муддатга бериладиган бўлса, ундай ҳолатда бу ижара ҳуқуқи бўлиб қолади ва ижара ҳукмларига амал қилиш вожиб бўлади. Ҳозирги кунда бу турдаги ҳуқуқлар одатда маълум жой ва муайян муддат учун берилмоқда. Шу сабабдан уларни ижара турларига қўшиш тўғри бўлади.