Бугунги кунда савдо ва тижорат турлари олдинги асрлардагидан анча кўп ва фарқлидир. Авваллари ҳуқуқлар савдоси деярли йўқ ҳисобланган бўлса, ҳозирда тижоратнинг катта қисмини айнан ушбу турдаги савдо ташкил этади. Бу савдонинг турлари кенг оммалашди ва унинг кўплаб замонавий кўринишлари пайдо бўлди. Албатта, бу ҳодиса Ислом шариати уламолари олдига ҳам муайян вазифалар қўйди. Улар ҳуқуқлар савдосининг янги турларини шариат нуқтаи назаридан таҳлил қилиб беришлари ва ислом умматига якуний ечимларни тақдим қилишлари лозим эди. Қуйида уламоларнинг сўзларига таянган ҳолда ҳуқуқлар савдосининг айрим замонавий кўринишлари таҳлилини кўриб чиқамиз.
Махсус савдо номи ва савдо белгиси (TradeMark) дан фойдаланиш ҳуқуқи.
Савдо ҳажми кенгайгандан бошлаб тижорий савдо номи ва савдо белгиси масаласи юзага чиқди ҳамда битта савдогар ёки битта ширкат кўп сонли инсонлар ва шаҳарларга катта миқдордаги молларни етказиб берадиган бўлди. Бир турдаги маҳсулотларнинг сифатлари ўртасидаги фарқ ҳисобига, баъзи маҳсулотларнинг юқори сифати уларнинг номига узвий равишда боғланиб қолди. Натижада вазият шу даражага етиб келдики, харидор бирор бир маҳсулотни танилган “фалон” компания ёки корхонанинг номи ёки махсус савдо белгиси борлиги учунгина харид қиладиган бўлди.
Шундай қилиб, савдо номи ва савдо белгиси маҳсулотларга нисбатан истеъмолчиларнинг эътиборини тортиш ёки аксинча, узоқлаштиршга хизмат қилувчи воситага айланди. Шу сабабли, тижоратчилар орасида савдо белгиси ва савдо номининг қиймати ҳосил бўлди. Инсонлар орасида яхши танилган ҳар бир савдо номи ана шу ном остида бозорга кириб келган маҳсулотга инсонларнинг рағбати ошишига ва тижоратдан кўпроқ фойда келишига сабаб бўлди.
Вақти келиб, баъзи инсонлар ўзларининг маҳсулотларини ўтказиш мақсадида истеъмолчилар орасида яхши сифати билан танилган ишлаб чиқарувчиларнинг номидан фойдаланишга киришдилар. Харидорлар алданиб қолиш ҳолатлари юзага келганидан сўнг, ҳукуматлар томонидан савдо номлари ва белгиларини тегишли идораларда рўйхатга олиш ва рўйхатдан ўтган савдо номлари ва белгиларидан ноқонуний фойдаланишни ман қилувчи қонунлар ишлаб чиқилди.
Рўйхатдан ўтказилгандан сўнг савдогарлар ушбу ном ва белгиларни катта миқдордаги пуллар эвазига сотадиган ва сотиб оладиган бўлишди.
Бизнинг мамлакат қонунчилигида бу тушунчалар “товар номи” ва “товар белгиси” терминлари билан ифодаланади. Жумладан, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида шундай дейилган:
“Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир”.
Шариатга кўра савдо номи ёки савдо белгисини сотиш/харид қилиш жоизми?
Кўриниб турибдики, савдо номи ва савдо белгиси моддий маҳсулот эмас, балки шу ном ёки белгидан фойдаланиш ҳуқуқидир. Бундай ҳуқуқ, яъни муайян маҳсулот номига нисбатан биринчи бўлиб эгалик қилиш (патент) ҳуқуқи, тегишли давлат идорасида рўйхатдан ўтиш билан қўлга киритилади. Шунингдек, ушбу ҳуқуқ келажакда қўлга киритилиши кутилаётган ҳуқуқ эмас, балки айни дамда мавжуд ва бир томондан бошқа томонга кўчиб ўтишни қабул қиладиган ҳуқуқдир.
Уламоларнинг фикрларидан хулоса қилиб олинган қоидаларга биноан, ушбу ҳуқуқлар учун мол кўринишидаги эваз олиш ҳам, уларни савдо йўли билан қўлга киритиш ҳам жоиз бўлар экан.
Хусусан, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний фикрларига кўра, баъзи нарсаларни маҳсулот/мол қаторига киритишда урфнинг ўз ўрни бор, чунки бирон нарсани мол деб эътироф этиш – Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ айтганларидек – одамларнинг ўша нарсани мол деб ҳисоблаши билан ҳосил бўлади. Бу электр қуввати ва газга ўхшайди, чунки улар ҳам олдинги замонларда қийматга эга маҳсулот ҳисобланмас эди. Сабаби улар ўзи мустақил мол эмас, уларни ушлаб, жамлашга ҳам инсон қудрати етмас эди. Лекин улар ҳозирги даврда олди-сотдиси жоизлиги борасида шубҳа бўлмаган қийматли молларнинг энг қадрлиларига айланган. Бу уларнинг фойдаси катта бўлганлиги, жамлаш имкони борлиги ва одамларнинг урфига кирганлиги сабаблидир.
Ҳудди шунингдек, савдо номлари ва белгилари ҳам давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг тижоратчилар урфида қийматга эга моллар қаторига кирди ва уларни сақлаш ҳукумат томонидан берилган гувоҳномаларни сақлаш билан амалга оширилади. Демак, буларнинг ҳам моллар каби савдоси жоиз бўлишидан тўсувчи шаръий қайтариқ йўқ.