Кеча сизларнинг эътиборингизга дайн ва қарз ўртасидаги фарқ ҳақида маълумот ҳавола қилган эдик. Ушбу мақолада эса мазкур тақдим этилган маълумотлар давоми ўлароқ, дайн ва қарз мавзусига тегишли мисоллар ва баъзи тафсилотларни келтиришга қарор қилдик.
Айтиб ўтилганидек, «дайн» деб инсон қай йўл билан бўлмасин, зиммасига олган ва тўлаши лозим бўлган моддий/молиявий мажбуриятларга айтилади.
Бунга мисол: насияга мол сотиб олдингиз, шу савдода зиммангизга пул кўринишида олган мажбуриятингиз «дайн», дейилади. Бировнинг уйини ижарага олдингиз, аммо, ижара пулини вақтида тўламадингиз, зиммангиздаги бу молиявий мажбурият шариатда «дайн», дейилади. Бировнинг молига талафот етказдингиз, унинг қийматини тўлаш ёки ўрнига ўрин бериш бўйнингизга тушди, демак, бу ҳам «дайн»дир. Уйланиб, аёлингизга бериш керак бўлган маҳрни насия қилдингиз, бу ҳам «дайн» дейилади.
Насия муомалотларда жанжалнинг олдини олиш учун икки томон муайян аниқ муддатга келишиб оладилар. Мол эгаси, яъни, ҳақдор «дайн»ни дайндордан келишилган муддатга қадар талаб қила олмайди. Муддатдан олдин пулни талаб қилиб олиши, битимни бузиш, ваъдада турмаслик ҳисобланади. Агар у муддатдан олдин «дайн»ни талаб қилса, дайндор муддатга қадар бермасликка шаръан ҳақли ҳисобланади. Ҳақдор дайндорнинг молиявий ҳолатини ҳисобга олиб иш қилиши савобли амалдир. Дайндор бўйнидаги «дайн»ини вақтида тўлай олмасдан яна бироз муҳлат сўраса, муҳлат беришлик фазилатдир.
«Қарз» деб муҳтож киши бошқа бировдан, кейинроқ мисли, яъни ўхшашини қайтараман, деган ваъда билан сўраб олган нарсага нисбатан ишлатилишини таъкидлаган эдик. Ушбу амалиётнинг ёрқин мисоли бу ислом молиясида «Қарзи ҳасан» деб аталувчи эвазсиз қарздир.
Ислом шариатида қарз олди-бердисига таълуқли бир-нечта шартлар мавжуд бўлиб, улардан бири қарздан бирор манфаатни – фойдани шарт қилиш мумкин эмаслигидир.
Фиқҳий манбаларда манфаатлар қуйидагича санаб ўтилган:
а) Қарз берувчи бераётган нарсасини кўпроқ қилиб қайтаришини шарт қилиши ҳаром. Масалан: 10 динорни 12 динор қилиб қайтариш. Ортиқча икки динор қарз рибоси (риба ан-насия) бўлади.
б) Қарз берувчи бараётган нарсасини яхшироқ-сифатлироқ қилиб қайтаришни шарт қилиши ҳам ҳаром. Масалан: паст навли маҳсулотни қарз бериб, олий нав қилиб қайтаришни шарт қилиш ҳаром. Демак, бу ҳам қарз рибоси бўлади.
в) Қарз беришда бирон-бир ҳизматни шарт қилиш ҳаром. Масалан: фалон ишимни бепул қилиб берасиз ёки фалон молимни сотиб оласиз ва ҳоказо. Текинга қилдирилган меҳнат манфаати ёки мажбуран амалган оширилган савдо фойдаси ҳам қарз рибоси бўлар экан.
г) Қарз берувчи бераётган қарзни маълум бир маконда қайтаришни шарт қилиши ҳаром. Масалан: Россияда қарз бериб туриб, Ўзбекистонда қайтарасиз, деб шарт қўйиши ҳаром. Йўлдаги молга етиши бўлган хавф-хатардан қутулиб қолиш кўринишидаги манфаат қарз берувчига қарз рибоси бўлади.
Фиқҳий китобларда қарз рибоси доирасига киритилган манфаатлар баёнида юқорида санаб ўтилган манфаатларнинг рибо ҳисобланиши ва уларнинг тўрт мазҳабда ҳам бил-иттифоқ ҳаром эканлиги айтилган.
Манба: https://islom.uz