Сўнгги ўн йилликда ислом молияси жаҳон молия тизимининг муҳим тармоқларидан бирига айланди. Унинг асосий воситаларидан бири бўлган сукук ҳукуматлар ва компанияларга ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган молиявий маблағлар жалб қилиш имконини бермоқда. Айниқса, Форс кўрфази давлатлари, хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари мазкур тармоқда етакчи.
БАА ҳукумати томонидан амалга оширилаётган молиявий ислоҳотлар, халқаро сармоядорлар учун қулай муҳит яратилиши ва ислом молиясига стратегик ёндашув мамлакатнинг глобал сукук бозоридаги аҳамиятини оширмоқда.
БАА сукук бозорининг замонавий ҳолати
Бугунги кунда БАА сукук бозорининг асосий маркази – Дубай. Хусусан, Nasdaq Dubai дунёдаги энг йирик сукук листинг (биржада расмий рўйхатга олиш ва савдога чиқариш) платформаларидан бири ҳисобланади.
2026 йил биринчи чораги якунларига кўра, Nasdaq Dubai биржасидаги умумий қарз воситалари ҳажми 149 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, шундан 105 млрд доллари сукукларга тўғри келган. Биржа маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич Nasdaq Dubai’ни дунёдаги энг йирик сукук листинг марказларидан бирига айлантирган.
2025 йилда Nasdaq Dubai тарихидаги энг муваффақиятли йиллардан бири бўлди. Биржада сукуклар бўйича листинглар ҳажми 100 млрд долларлик маррани ортда қолдирди. Агар 2013 йилда мазкур кўрсаткич 12,6 млрд доллар бўлган бўлса, ўн икки йил давомида бозор ҳажми қарийб саккиз бараварга ўсган.
Ушбу ўсиш нафақат маҳаллий, балки халқаро эмитентлар (яъни сукук чиқарувчилар) фаоллигининг ортиши билан ҳам изоҳланади. 2026 йил биринчи чорагида амалга оширилган янги листингларнинг 67 фоизи БАА эмитентлари ҳиссасига, 33 фоизи эса халқаро эмитентларга тўғри келган.
Давлат сукуклари бозорининг ривожланиши
Сўнгги йилларда БАА ҳукумати миллий валютадаги Ислом ғазна сукуклари (T-Sukuk) дастурини фаол ривожлантирмоқда. Ушбу дастур мамлакатда маҳаллий валюта – дирҳамдаги даромадлиликниошириш, ички капитал бозорини ривожлантириш ва сармоядорларга хавфсиз сармоя киритиш имкониятларини тақдим этишга хизмат қилмоқда.
2025 йил давомида ўтказилган T-Sukuk аукционлари сармоядорлар томонидан юқори қизиқиш билан қарши олинди. Жумладан, 2025 йил февраль ойида 1,1 млрд дирҳамлик эмиссияга 7,1 млрд дирҳамлик талаб билдирилиб, таклиф ҳажмидан 6,5 баравар юқори натижа қайд этилди.
2025 йил июнь ойида ўтказилган аукционда 1,1 млрд дирҳамлик сукук чиқарилишига 6,21 млрд дирҳамлик буюртма келиб тушди. Шунингдек, 2025 йил ноябрь ойидаги чиқарилишда ҳам 1,1 млрд дирҳамлик таклифга 5,48 млрд дирҳамлик талаб қайд этилди.
2026 йил бошида БАА ўз тарихида биринчи марта 7 йиллик муддатга эга Ислом ғазна сукукларини чиқарди. 550 млн дирҳамлик мазкур траншга ҳам таклиф ҳажмидан қарийб олти баравар кўп талаб билдирилди. Бу ҳолат давлат сукукларининг маҳаллий ва халқаро сармоядорлар орасида ишончли сармоя воситаси сифатида шаклланганлигини кўрсатади.
Корпоратив сукуклар бозорининг ривожланиши
БААда корпоратив субъектлар (яъни компаниялар) ҳам сукук бозоридан фаол фойдаланмоқда. Мамлакат банклари, энергетика ва инфратузилма компаниялари халқаро молия бозорларидан маблағ жалб қилиш мақсадида сукук чиқариш амалиётини кенг қўлламоқда.
2025 йилда Abu Dhabi National Oil Company (ADNOC) ўзининг илк халқаро сукукини чиқариб, 10 йиллик муддатга 1,5 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилди. Эмиссияга бўлган талаб 3,85 млрд доллардан ошиб кетди, бу эса сармоядорлар томонидан юқори қизиқиш мавжудлигини кўрсатди.
Шунингдек, Sharjah Islamic Bank 2025 йилда 500 млн. долларлик беш йиллик сукук чиқариб, халқаро сармоядорлардан катта талабга эришди. Бу ҳолат корпоратив сукук бозорининг чуқурлашаётгани ва халқаро капитал бозорлари билан интеграцияси кучайиб бораётганидан далолат беради.
Сармоядорлар базасининг кенгайиши
БАА сукук бозорининг муҳим хусусиятларидан бири сармоядорлар доирасининг кенгайиб бораётганидир. 2025 йилда мамлакат ҳукумати биринчи марта чакана сармоядорларга ҳам давлат сукукларига маблағ киритиш имкониятини тақдим этди.
“Retail Sukuk” дастури орқали мамлакат фуқаролари ва резидентлари давлат кафолатига эга ислом молияси тамойилларига мувофиқ сармоя маҳсулотларидан фойдаланиш имконига эга бўлдилар. Мазкур ташаббус аҳолининг молиявий қамровини ошириш ва ислом сармоя воситаларини оммалаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ривожланиш истиқболлари
БАА ҳукумати томонидан қабул қилинган ислом молияси ва “ҳалол” саноатни ривожлантириш стратегияси мамлакатнинг халқаро ислом капитали бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, сукук бозорини кенгайтириш ва рақамли молиявий ечимларни жорий этиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Шунингдек, яшил сукуклар (Green Sukuk) ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган сукукларнинг оммалашиши ҳам бозор ўсишининг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Хулоса
Бирлашган Араб Амирликлари сукук бозори жаҳон ислом молияси тизимининг энг ривожланган тармоқларидан бири ҳисобланади. Nasdaq Dubai биржасида муомаладаги сукуклар ҳажмининг 105 млрд АҚШ долларига етиши, давлат сукуклари аукционларининг бир неча баравар юқори талаб билан ёпилиши ҳамда корпоратив эмитентлар фаоллигининг ошиши мамлакатнинг мазкур тармоқдаги етакчи мавқеини тасдиқламоқда.
Фойдаланилган адабиётлар
- Nasdaq Dubai. Fixed Income Market Review and Sukuk Listings Reports, 2025–2026.
- UAE Ministry of Finance. Islamic Treasury Sukuk Auction Results, 2025–2026.
- Reuters. ADNOC Debut International Sukuk Issuance Report, 2025.
- UAE National Strategy for Islamic Finance and Halal Industry, 2025–2031.
- Islamic Finance News (IFN). Global Sukuk Market Reports, 2025–2026.
- Fitch Ratings. Global Sukuk Outlook 2026.
- S&P Global Ratings. Islamic Finance Outlook 2026.