Бугунги кунда бизнинг жамиятимизда тез-тез учраётган бир масала – эр ўз аёлининг таъминотини қилиши, бу таъминот қаергача эканлиги, бунда томонларнинг мажбуриятлари, муруввати/эҳсони ва ҳуқуқларига оид баъзи мулоҳазалар билан бўлишишга қарор қилдик. Бу масалани кўриб чиқилишига сабаб, томонларнинг ўз ҳуқуқларини ҳам, ўз мажбуриятларини ҳам яхши билмасликлари, билсалар ҳам “эсдан чиқараётганликлари” ёки ҳатто суиистеъмол қилишлари билан боғлиқ.
Демак, эрнинг ўз аёли олдидаги бурч ва мажбуриятлари:
Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ (سورة النساء/34)
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” – деган.
Эътибор беринг, ушбу оятда эркаклар айрим хусусиятлари, хусусан ўз оилаларига мол-мулкларини сарф қилганликлари сабабидан устун эканлар. Зотан, берувчи қўл, олувчи қўлдан устун бўлиши табиий.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَنْ تُطْعمَهَا إِذَا طَعِمْتَ ، و تَكْسُوهَا إِذَا اكْتَسيْتَ وَ لاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ ، وَ لاَ تُقَبِّحْ ، وَ لاَ تَهْجُرْ إِلاَّ فِى الْبِيْتِ (رواه ابو داود)
яъни: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир (ҳозирги пайтда баъзи эркаклар ўз аёлларининг моддий эҳтиёжларини ўзлари эмас, балки қайноталари/қайноға/қайнилари зиммасига юклашга ҳаракат қилишаётгани сир эмас: https://t.me/savollarislomuz/19296).
Эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деб марҳамат қилганлар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ” (رواه الترمذي).
яъни: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Ваҳолангки, мен ҳам ичингизда аҳлимга энг яхши (муносабатда)ман” (Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.
Агар эр аёлининг нафақасини адо этмаса, Қиёмат кунида бу масалада Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгар/масъул бўлади. Чунки у зиммасидаги вожиб амални бажармаган саналади.
Шу билан бирга, шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўз қўл остидагилар (аёли, фарзандлари, ота-онаси (агар улар шунга муҳтож бўлишса ва бошқа тегишли шахслар) таъминотини қилиб қўйгандан кейин ўзи истагандай (албатта ҳалол йўлларда) сарфлаши мумкин ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ.
Демак, Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг нафақасини юклаб қўйганлигини тушуниб олдик.
Аёл кишининг моддий масалалардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Энди, аёлнинг пул топиши ва уни тасарруф қилиши масаласини кўриб чиқамиз.
Аёл кишининг бойлиги қаердан келиши мумкин? У ўз яқинларидан (ота-онаси, ака укаси ва ҳ.к.з) қимматли ҳадялар олиши мумкин, меросдан улуш тегиши мумкин, эридан олган маҳр бўлиши мумкин, ўз меҳнати билан топган бўлиши мумкин..
Маълумки, аёл киши ҳам эркак киши каби илм олиши фарз. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш мўмин ва мўмина аёлга фарздир”, деганлар. Илм олиб ҳалол-ҳаромни фарқига борган аёл, эр ўз аёлига нафақа қилмаган вазиятда ёки эри рози бўлган ҳолатларда ўзига муносиб ишда ишлаши (масалан дарс бериши, ҳунармандлик қилиши, табобат соҳасида ишлаши ва ҳ.к.з.) ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши (масалан савдо-сотиқ қилиши, бировларни вакил қилиб музораба қилиш ва ҳ.к.з.) ва молини тижорат йўли билан кўпайтириши мумкин. Албатта, бунда шариат кўрсатмалари ва одобларига риоя қилиши, сатри авратда бўлиши, номаҳрам (бегона) эркаклар билан ёлғиз қолмаслиги талаб этилади.
Аёл кишининг мол-дунёси ва топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга уларнинг мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
لا يجوز لاحد ان يتصرف في ملك غيره بلا اذنه او وكالة منه أو ولاية عليه وأن فعل كان ضامناً
“Ҳеч ким ўзганинг молини унинг рухсатисиз, вакиллигисиз ёки васийлигисиз тасарруф қила олмайди. Агар шундай қилса, тўлаб беради”. (“Шарҳул мажалла” китоби).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Шунга кўра, аёл кишининг топган маблағини олиб қўйишга, эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Албатта, юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Аёл киши ихтиёрий равишда қайнота-қайнона ва оиласига пул сарфласа, эҳсон қилганлик савобига эга бўлади.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак, агар аёл кишининг ўз шахсий мол-мулки ва пули бўлса, уларни ҳеч кимга билдирмай эҳсон қилиши ҳам мумкин ва бунга ҳам савоб олаверади. Шу билан бирга яна бир нарсани эслатиш керак, агар эрлари зиқна/хасис бўлмаса, аёллар харажатларини эрлари билан маслаҳат қилиб сарф қилганлари маъқул, чунки бу оиланинг тинч-тотув бўлишига сабаб бўладиган ишлардандир.
Юқорида айтиб ўтилганларнинг барчаси ХОТИННИНГ ЭРИ ОЛДИДАГИ ҚУЙИДАГИ БУРЧЛАРИга халал бермаслиги керак.
1. Аёл киши эрига итоаткор бўлиши.
Аёл киши гуноҳ бўлмаган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “Жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади” (Имом Табароний ривояти).
2. Аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан: “Ўз уйларингизда қарор топингиз…!” деган (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни, эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривояти).
Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Аёл эрининг рухсати билан шариат кўрсатмасига мувофиқ кийинган ҳолда ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиши, хусусан ота-онасини кўриб келиши шариатимизда мумкин бўлган ишлардир.
3. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак.
Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Аёл киши эри борида, унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
4. Эри тўшакка чақирганда, рад қилмаслиги.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон эр хотинини ҳожати учун чақирса, у гарчи тандир олдида турган бўлса ҳам дарҳол келсин” (Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
Демак, аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг эҳтиёжини қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатлар кўзда тутилади.
5. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак.
Балки эрни риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини “Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келади”, дейди” (Имом Термизий ривояти).