Шариатга риоя қилган ҳолда ишлаётганлигини даъво қилаётган компаниялар ҳақида нималарни билишингиз керак?
Шариатга риоя қилган ҳолда фаолият юритиш учун асосий талаблар
Шариат Кенгашининг мавжудлиги: Компанияда шариат меъёрларига риоя қилиш бўйича масъул бўлган олимлар кенгаши ёки камида битта олим бўлиши керак ва улар (ёки у) ҳақида маълумот компания веб-сайтида мавжуд бўлиши керак.
Компания тарафидан таклиф қилинаётган маҳсулотлар бўйича шариат сертификати мавжуд бўлиши лозим: ушбу ҳужжат, таклиф қилинаётган маҳсулотнинг шариат талабаларига мувофиқлигини тасдиқлайди. Бундай сертификат мавжудлиги ҳақидаги маълумот ҳам компания веб-сайтига қўйилган бўлиши керак (сертификатнинг амал қилиш муддати/санасини текшириш муҳим).
Ички шариат назорати
- Ички шариат эксперти ёки аудиторига эга бўлиш: Бундай мутахассис компания фаолиятининг шариат меъёрлари доирасида фаолият юритишини таъминлайди (яъни буни назорат қилади).
- Мунтазам шариат текширувларини ўтказиш: Аудит ҳисоботлари компания томонидан йилига камида бир марта нашр этилиши керак. Ушбу маълумотлар санасини (яъни сўнгги марта қачон янгиланганлигини) текшириш керак.
Компания таклиф қилаётган маҳсулотлар ва компания амалиётлари
Шариатга мувофиқлик бутун компания фаолиятига нисбатан берилганми ёки фақат алоҳида маҳсулотларига тааллуқлилигини билиш муҳимдир. Мувофиқликни мунтазам равишда янгилаб (яъни лозим бўлган саналарда қайта тасдиқлатиб туриш) тўғри шариат назорати белгисидир.
Ташқи аудит ва ўз-ўзини тарғиб қилиш (самопиар ёки self-PR) хатари
Агар компания фақат бир марта сертификатланган бўлса, бу хатар даражасини оширади. Мунтазам равишда (яъни талаб қилинган муддатда) шариат текширувлари ва маҳсулотларни сертификатлаш мажбурий ва жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади, чунки бу компаниянинг масъулиятидан дарак беради.
Шариат назорати асоссиз равишда ўз-ўзини тарғиб қилиши (яъни компания шариат кенгаши фаолиятини ташқи аудит тасдиғисиз тарғиб қилиши) хавфли вазиятларни келтириб чиқаради.
Мувофиқлик ва инвестициялар билан боғлиқ хатарлар
Шариат назорати механизми мавжуд бўлса ҳам, бу компаниянинг инвестицион жозибадорлигини кафолатламайди. Зеро, Шариатга риоя қилиш унинг талабларига амалда риоя қилиш билан тасдиқланади.
Инвестиция хатарларини бартараф қилиш компаниянинг молиявий ҳолатини батафсил таҳлил қилишни талаб қилади.
Инвестиция қилиш бўйича қарор қандай қабул қилиниши лозим?
Инвестиция қилиш бўйича қарор қабул қилиш учун сизга қуйидагилар керак бўлади:
- Юқоридаги мезонлар асосида шариатга мувофиқлигини баҳоланг.
- Бизнесни батафсил таҳлил қилиш орқали инвестиция хатарларини баҳоланг.
Баҳолаш юзасидан қўшимча маслаҳатлар
Шаффофлик ва масъулият: Компания ўзининг шариат ҳисоботлари ва аудит натижаларини эълон қилишлари керак. Бу мижозлар ва инвесторлар учун муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Халқаро стандартларни жорий қилганлик: Агар компания халқаро миқёсда ишлаётган бўлса, у қандай меъёр (стандарт)лардан фойдаланишини билиб олинг (масалан, AAOIFI меъёрлари).
Шариат Кенгашининг малакаси: Кенгашда иштирок этаётган олимларнинг ислом ҳуқуқи ва молияси соҳасида танилган мутахассислар бўлиши жуда муҳим кўрсаткич.
Хулоса
Шариатга риоя қилиш, айниқса, янги бозорларда доимий равишда ривожланиб борувчи жараёндир. Компанияларнинг ўз-ўзини турли йўллар билан тарғиб қилиши одамларни чалғитмаслиги учун ёндашувни ўзгартириш жуда муҳим.
Ёдингизда тутинг! Шариат талабларига риоя қилади дегани, бу компанияга сармоя киритиш учун етарли асос дегани эмас. Якуний қарор қабул қилиш учун ҳам маънавий, ҳам молиявий кўрсаткичларни таҳлил қилинг ва баҳоланг.