(Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг.
Ушбу оят Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда раҳматли Шайх Алоуддин Мансур томонидан бир хил таржима қилинган экан.
Шу билан бирга, биз ушбу оятнинг бошқа тиллардаги тафсирлари билан ҳам бошқа очиқ (тақиқланмаган) манбалар орқали ҳам танишиб чиқдик.
Машҳур муфассир Ибн Касир буюк саҳобий Ибн Аббоснинг, “Кўпроқ қилиб олишни истаб, бирор нима эҳсон қилманг” дегани асосида бу оятни шу маънода тафсир қилган экан.
Биз, Доғистонлик олим, филология фанлари доктори, профессор, Давлат мукофоти соҳиби (Россия) (ушбу давлат мукофоти олимга айнан “Қуръони каримнинг академик таржимаси ва изоҳлари”ни амалга оширгани учун берилганлигини таъкилаб ўтиш лозим), Россияда хизмат кўрсатган олим, Иордания “Ислом тафаккури Қироллик институти” (The Royal Institute for Islamic Thought) мухбир аъзоси раҳматли Муҳаммад Нури Османов томонидан амалга оширилган таржимани ҳам ўқиб чиқдик. Оят рус тилига қуйидагича таржима қилинган экан:
“Не оказывай милости в надежде получить большее”, яъни “Кўпроқ қилиб олиш мақсадида эҳсон қилма”.
Айтиб ўтиш лозим, оят инглиз тилига ҳам шундай таржима қилинган экан (“And do not confer favor to acquire more” – Ва кўпроқ нарсага эга бўлиш учун хайр-эҳсон қилма.
Имом Абу Ҳанифанинг катта устози Иброҳим Нахаий суранинг 7 оятини “Аллоҳ азза ва жалла розилиги учун хайр-эҳсон қилишда сабрли бўлинг”, деб тафсир қилган экан (ушбу оят, Шайх Абдулазиз Мансур томонидан ўзбек тилига “Ва Роббинг учун сабр қил”, деб таржима қилинган”).
Шундан келиб чиққан ҳолда, Мудассир сурасининг 6 оятини юқорида келтирилган тафсирлар асосида “Кўпроқ қилиб олиш мақсадида эҳсон қилманг” (6) ва “Аллоҳ азза ва жалла розилиги учун хайр-эҳсон қилишда сабрли бўлинг” (7) (яъни қилган хайр-эҳсонингизни мукофотини сабр-бардош ила кутинг) деб тушунар эканмиз.
Хулоса қиладиган бўлсак:
– одам қанча кўп қилса ҳам оғринмаслиги, миннат қилмаслиги;
– хайр-эҳсонни дарҳол бир нимага эга бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ розилиги учун холис қилиши;
– қилган эҳсонининг мукофотини кутишда сабрли бўлиши;
– Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни зое қилмаслигини эсдан чиқармаслиги керак экан. Валлоҳу аълам.