Ҳаким Ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ўзингда бўлмаган нарсани сотма”, деганлар* ва бу қабз, яъни молга эгаликни қўлга киритгандан кейингина уни сотиш шартлиги ҳақидаги қоидага асос бўлган.
Баъзилар қабз, яъни эгаликни қўлга киритишни айнан қўл билан ушлаб, бу нарса менга ўтди деб эълон қилиш/билдириш ёки бевосита омборга тушириб олиш деб тушунишади. Бу албатта ортиқча оворагарчилик ва ўзини қийнашга сабаб бўлади. Чунки бугунги кунда бизнес жараёнлар шу қадар тез, тадбиркорлик шунақа даражада ривожланганки, тадбиркорларнинг вақти жуда тиғиз, олди-сотди бўйича қарорлар ҳам тез қабул қилиниши керак бўлиб қолган. Бундай шароитда ҳар бир сотиб олинган муҳсулотни шахсан қўлга олиб қабул қилиб омборга тушириб олиб кейин сотиладиган бўлса, бизнес жараёнлар мураккаблашиб кетади.
Аслида қабз бунақа ортиқча оворагарчиликни талаб қилмайди. Қабз ҳосил бўлиши учун мол олаётган томоннинг ўзи ёки вакили сотувчидан молни бугунги кун тили билан айтганда онлайн қабул қилиб олиб, унга бўлган жавобгарлик/масъулиятни ўзига ўтказиб олиб, сўнгра учинчи томонга сотиб юбориши мумкин ва бунда ўша молни бевосита учинчи томоннинг омборига тушириши мумкин (яъни ўзининг омборига тушириб ўтириш шартмас). Бунда асосийси молни сотишдан аввал эгаликни қўлга киритишдир. Эгаликни қўлга киритиш турли кўринишда бўлиши мумкин:
- Бевосита қўлга олиб, мол эгалиги унга ўтганлигини билдириш;
- Вакил орқали молни қабул қилиб олиш;
- Молни ўз омборига туширтириб олиш орқали;
- Молга бўлган эгаликни тасдиқловчи қоғоз ёки электрон ҳужжатлар;
- Молга эгаликни ифодаловчи, жамиятда қабул қилинган бошқа турдаги замонавий воситалар;
Уламолар қабз ҳақида: Қабз қилиб олиш учун бирор нарсани қўлга олиш шарт эмас, балки урф-одатга биноан харидор ундан фойдаланишдан манъ қилувчи нарсаларни йўқ бўлиши, яъни харидор сотиб олинган молни ўзи хоҳлагандек тасарруф қила оладиган ҳолатда мавжуд бўлиши, дейишган.
Валлоҳу аълам.
______________
* Имом Аҳмад. Муснад 3/402, 444; Абу Довуд. Сунан. 3/384; Термизий 3/525; Насоий 7/288; Ибн Можа 2/737.
Манба: islom.uz ва fiqh.uz да берилган мақолалар асосида тайёрланди.