Исломда пулга бағишланган бутун бир бошли фалсафа мавжуд. Зеро, пулнинг иқтисодий тизимдаги аҳамияти беқиёс. Тана учун соғлом қон қанчалик аҳамиятга эга бўлса, иқтисодиёт учун ҳам пул шунчалик аҳамиятга эга. Агар иқтисодиётда қандайдир муаммо пайдо бўлган бўлса, бу катта эҳтимол билан пул сиёсатидаги қандайдир хатолик туфайли юз берган, дейиш мумкин. Танада қон тинмай айлангани каби, иқтисодиётда пул доимий ҳаракатда бўлиши керак.
Пул, макро ва микроиқтисодиёт ҳолатини рўй-рост кўрсатиб берувчи, яъни иқтисодий тизимнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи воситадир.
Ислом уламолари пул инсонларнинг ўзаро келишувлари маҳсули эканлигига ижмо қилишган. Пул – жамиятнинг молиявий тил-забони ва айнан жамият табиий равишда ўзи учун қулай бўлган (ликвид, яъни тезлик билан ўзига керакли нарсага айлантириб олиши мумкин бўлган) нарсаларни пул сифатида белгилаб олади.
Пулнинг энг муҳим хусусияти (унинг асосий вазифаси ёки асл моҳияти дейиш ҳам мумкин), унинг айирбошлаш воситаси эканлигидадир. Пул савдо қилинадиган ёки ижарага бериладиган мол/маҳсулот эмас. Бошқа маҳсулотларни уларнинг қайсидир жиҳатидан фойдаланиш учун олинади, пулни бевосита ўзидан эса манфаат олиб бўлмайди. Унинг воситасида манфаат олиш мумкин холос.
Уни борлиги сизнинг қалбингизга “ором” беришини айтмаганда, пулни сақлаб ўтиришдан ҳеч қандай фойда йўқ. Ички қийматга эга бўлган маҳсулотлардан эса, бевосита уларни ўзини истеъмол қилиш орқали манфаат олиш мумкин.
Сиз бирор маҳсулот сотиб олаётганингизда, сиз унинг ўзида мавжуд бўлган истеъмол қиймати учун тўлов қиласиз. Пулнинг эса истеъмол қийматида тўлов қилолмайсиз, чунки бу (ислом нуқтаи назаридан) рибо саналади. Шу сабабли сиз унинг номинал қиймати (яъни пул бирлигининг устига ёзиб қўйилган қиймати) бўйича сотиб оласиз.
Имом Ғаззолий пул ҳақида шундай деган:
“Аллоҳ таоло динор ва дирҳамларни турли мол-мулклар ўртасида муносиб алмашув воситаси / меъёри сифатида яратди. Улар (яъни пул бирликлари) ўзларича эмас, айнан бошқа нарсалар билан боғлиқ ҳолда қийматга эгадирлар”.
Имом Ғаззолий яна бир жойда пул ҳақида қуйидаги жуда чиройли фикрни айтган:
“Пул ҳамма нарсани акс эттирадиган, аммо ўзини акс эттирмайдиган кўзгуга ўхшайди”.
Шундай қилиб, биз пулнинг қуйидаги хусусиятларини тушуниб олдик:
1. Пул – алмашув/айирбошлаш воситаси;
2. Пул маҳсулот сифатида кўрилмаслиги ва мол каби савдо қилинмаслиги керак (саррофлик бошқа нарса);
3. Пул энг ликвид (яъни қисқа муддатда бошқа керакли нарсага айлантириш мумкин бўлган) нарса ҳисобланади;
4. Пул бошқарувга мухтож.
5. Пул – ҳисоб бирлиги ва маълумот сақловчи (ва элтувчи) восита.
6. Пул – қиймат ўлчовчи ва уни сақловчи восита.
7. Пул – сонини чеклаш керак бўлган бирлик.
Ислом молияси бўйича таниқли мутахассис. Буюк Британиянинг “Amanah Advisors” деб аталувчи маслаҳат (консалтинг) компанияси раҳбари Муфтий Фараз Адамнинг мақоласини қисқартирилган таржимаси