«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур.»
Талоқ сурасининг 6 оятида Аллоҳ таоло, талоқ қилинган аёллар масаласида, “У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг. Уларга сиқиштириш мақсадида зарар етказманг”, яъни талоқ бўлди деб, масканингиздан чиқариб юборманг, “Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа беринглар”. “Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар”.
деб амр қилади. “Имконингиз борича” дегани — ҳеч қандай узр, баҳона топишга уринманг, жой яхши бўлмаса, бундайроғи ҳам бўлаверади, деганидир.
Демак, талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, талоқ қилувчи эр уни туққунича нафақа билан таъминлаб туриши ва бу нафақа таом, кийим ва маскан кабиларни ўз ичига олишини тушунар эканмиз.
Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган фарзандни эмизса, хоҳласа, эмизгани учун ҳақ олиши ва бу ҳақ Аллоҳнинг амрига биноан, “ўзаро яхшилик билан маслаҳат” асосида аниқланиши керак бўлар экан.
Суранинг ушбу 7 оятида эса, талоқ тушгандан сўнг иддаси чиққунча таом, кийим ва маскан кўринишларида аёлга бериладиган нафақа миқдори қанча бўлиши ҳақида айтилмоқда.
“Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин”.
Бой-бадавлат (“ризқи кенг”) эр нафақани каттароқ қилади. Аммо
“Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин”.
Агар эрнинг “ризқи тор бўлса”, яъни камбағал бўлса, “унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин”.
Демак, камбағал эр нафақани ўз ҳоли-қудратига қараб беради. Ундан ортиқча талаб қилишга хотиннинг ҳаққи бўлмайди. Чунки:
“Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмайди. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур”.
Ҳа, Аллоҳ таоло ҳам “ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмайди”. Бунда ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳр-шафқати намоён бўлмоқда.
Уламолар “Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур”, деган жумланинг тасдиғига кўплаб мисолларни келтиришган. Уларнинг барчасида Аллоҳ таолога ёлвориш, тақво қилиш оғирни енгил қилиши ҳақида сўз кетади.
“Ислом молияси”дан изоҳ:
Албатта, ушбу оятни фақатгина талоқ қилинган аёлларни нафақа билан таъминлаш ҳақида эмас, балки умуман ризқ, нафақа, масъулият, иқтисодий-молиявий муносабатлар, муроса ва маслаҳат билан иш кўриш кераклиги, Аллоҳнинг бизнинг бандаларига нисбатан раҳм-шафқати, қийинчиликлардан тушукунликка тушмаслик кераклиги, чунки улар вақтинча эканлиги ҳақида деб тушунсак тўғри бўлади. Валлоҳу аълам.