“Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг ўзингизга яхши бўладир. Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ундайлар нажот топувчилардир.”
Бу оятнинг аввалида Аллоҳ таоло мўмин бандаларини унга иложи борича ва имкони борича тақво қилишга даъват этяпти, буюряпти.
“Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг”.
Тақвонинг чегараси йўқ, қанча кўп бўлса, шунча яхши. Лекин инсон ўзини ортиқча такаллуфга уринтириши Ислом эмас. Аллоҳ таоло бандаларини тоқатидан ташқари ишларга буюрмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларни бир ишга буюрсам, қўлингиздан келганича қилинг, бир ишдан қайтарсам, ундан қайтинг”, деган. Демак, итоатнинг чеки йўқ, аммо ман қилинган нарсалар бўлакларга бўлинмайди, уларнинг ҳаммасини тўлиқ адо этиш даркор. “Илоҳий амрларни оқилона тинглаб, уларга итоат этиш ҳар бир иймонли шахснинг бурчидир.
Аллоҳ таоло мўминларни яна молу дунёларидан нафақа қилишга хам буюрмоқда ва бу иш мол сарфловчининг ўзига яхши бўлишини уқтирмоқда.
“…ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг хамда инфоқ қилинг — озингизга яхши бўладир”.
Чунки хайр-эҳсон қилаётган киши одатда фақирларга яхшилик қиляпман, деб ўйлайди. Аслида эса ўзига яхшилик қилаётган бўлади. Чунки қиёматда айни ўша хайр қилинган моли унга фойда беради. Тўплаб қўйгани, ўзимники, деб ўйлагани, жуда нари борса, меросхўрларига қолади, холос.
Албатта, мол-мулкни ҳамма ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлай олмайди.
“Кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса”гина бу ишга сазовор бўлади.
“…ундайлар нажот топувчилардир”.
Ана ўшандай кишилар нажот топувчилардир.