«Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир.»
Ушбу оят ундан олдинги оятларда сўз борган машҳур “Ифк ҳодисаси”га боғлиқ ҳолда нозил бўлган.
Маълумки, бир гуруҳ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақида «ифк» − бўҳтон тарқатганлар (ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади). Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда (яъни Ойша (р.а)нинг беайб эканликларига асос бўлувчи) Пайғамбарига (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий нозил қилгандан кейин ушбу ҳодиса ўз ечимини топди.
Аллоҳ таоло Ойша онамизни оқловчи оятларини нозил қилганида Абу Бакр (р.а): «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар (Мистоҳ ибн Асоса қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Абу Бакр (р.а) унга нафақа бериб турардилар). Шунда Аллоҳ таоло “Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар…” оятини нозил қилди. Шунда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».
Оятда “фазл эгалари” деган ибора ишлатилган, “Фазл” сўзи луғатда “зиёдалик”, “устунлик” маъноларини англатади. Демак, моддий ва маънавий устунлик берилган инсонлар шу ҳолатига шукр қилган ҳолда (чунки унинг “берувчи қўл” эканлигини ўзи жуда катта неъмат), ҳамда Аллоҳ таолонинг мағфиратини истаган ҳолда (буни фақат дахрийлар, кофирлар ва гумроҳлар истамаслиги мумкин), силаи раҳмни узмаслиги, бева-бечораларга ёрдам беришни тўхтатишга интилмаслиги керак экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Унинг мағфиратига интилувчи фазл ва бойлик эгаларидан қилсин.
Манба:
1.Тафсири ҳилол
2. https://siyrat.uz/maqola/348