Ислом молияси соҳасида энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлган Ислом молия муассасалари бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) сертификация имтиҳонлари 2023 йил сентабрь ойида илк бора Тошкентда ўтказилди. Бу бўйича AAOIFI билан Ўзбекистонда мутахассисларни тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва сертификатлаш бўйича келишув 2022 йилда имзоланганди. Ҳозирги кунда бундай синовдан ўтиш имконияти Марказий Осиё бўйича фақат Тошкент шаҳрида мавжуд.
Ўзбекистонда ташкил этилган марказ AAOIFIнинг қуйидаги йўналишларда мутахассисларни тайёрлаш ва синовларни ташкил этиш билан шуғулланади:
– Ислом молияси бўйича сертификатланган профессионал бухгалтер (CIPA);
– Ислом молияси бўйича сертификатланган маслаҳатчи ва аудитор (CSE);
– Ислом молияси бўйича сертификатланган аудитор (CSA);
– Молия ҳисоби стандартлари бўйича моҳирлик сертификати (CPFAS).
Шунингдек, ушбу ташкил этилган марказ AAOIFI стандартлари ва нашрларини Ўзбекистонда тақдим этиш, вазирлик ва идоралар билан ишлаш, ислом молияси бўйича тадбирлар ташкиллаштириш билан шуғулланади. Ушбу ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистонда жорий этилиши кутилаётган ислом молияси ва банкчилиги соҳасининг жаҳон ислом молия саноати билан уйғунлашишига, хорижий ислом банклари, суғурта (такофул) ташкилотлари, жамғармалари, капитал бозори иштирокчилари билан самарали ҳамкорлик қилишига жиддий кўмак беради.
AAOIFI (Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions) – Баҳрайн қироллиги пойтахти Манама шаҳрида жойлашган, ислом молия муассасалари ва соҳанинг бошқа иштирокчилари учун шариат, молия ҳисоби, бошқарув ва ахлоқ стандартлари (қоидалари) ишлаб чиқиш, уларни тарғиб қилиш, ушбу соҳа доирасида мутахассислар етиштириш, уларни имтиҳон қилиш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи мустақил халқаро ташкилотдир. AAOIFI фаолияти ислом молия муассасаларининг молиявий ҳисоботларидан фойдаланувчиларнинг ушбу муассасалар томонидан тайёрланадиган маълумотларга ишончини ошириш ҳамда ушбу фойдаланувчиларни ўз маблағларини ислом молия муассасаларига инвестиция қилиш, омонатга қўйиш ҳамда уларнинг хизматларидан фойдаланишга ундашга қаратилган.
Бугунги кунда ушбу ташкилотга 45 дан ортиқ мамлакатлардан марказий банклар, ислом молия муассасалари, ҳисоб-китоб (бухгалтерия), аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда ҳуқуқ ва банк-молия соҳасида фаолият юритувчи бошқа ташкилотлар аъзодир.
Ҳозирги кунда AAOIFIнинг шариат ва бошқарув стандартлари Сарф, Кафолат, Ҳавола, Муробаҳа, Ижара, Салам, Истисна, Мушорака, Музораба; Аккредитив, Жуала, Сукук, Қарз, Вакала, Такафул, Таварруқ, Вақф, Закот, ходимлар ёллаш; анъанавий банкни ислом банкига айлантириш, ликвидликни бошқариш, Шариат кенгашлари каби 60 дан ортиқ мавзуни қамраб олган. Ундан ташқари молия ҳисобини юритиш ва ҳисоботлар тайёрлаш бўйича 40 дан ортиқ стандартлар қабул қилинган.