“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз”.
Ушбу оятдан ҳалол-ҳаром фақат тановул қилинадиган таом, ичиладиган шароб ёки никоҳдагина эмас, балки ҳамма нарсада, ҳатто оғиздан чиқадиган, одамлар эътибор бермайдиган калималарда ҳам экани тушунилади. Демак, инсон фаолиятининг ҳар бир жабҳасида ҳалол-ҳаром бор. Ҳар бирига алоҳида ҳукм бор. Ўша ҳалол ёки ҳаромни аниқлаш ва ҳар бир ишнинг ҳукмини чиқариш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир.
Ояти карима:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас» жумласи ила бошланмоқда. «Беҳуда қасам» деганда, тил ўрганиб қолган, беихтиёр гапга қўшилиб кетадиган қасам иборалари тушунилади. Бу ҳол, айниқса, арабларда кўп учрайди. Уларда «валлоҳи», «биллоҳи» дейиш қасам ичишни англатади. Айтилиши ҳам осон. Сўз орасида ишлатавериб, ўзлари ҳам ўрганиб қолишган. Демак, ана шундай ҳолларда беихтиёр қасам лафзи оғзидан чиқса, Аллоҳ унинг учун тутмас экан. Айб ҳисоблаб, жазо чораси белгиланмас экан.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Аллоҳнинг номи билан эса, ҳадеб қасам ичавериш яхши эмас. Фақат шариатда кўрсатилган жойлардагина қасам ичиш зарур. Мисол учун, қозининг ҳузурида. Бошқа вақтларда ҳуда-беҳудага оғизга қасам лафзларини олавериш яхшиликдан эмас. Аммо бу кўрсатмаларга амал қилмай, бекордан-бекор қасам ичиб юборса, ушбу оятдан билинмоқдаки, Аллоҳ томонидан тайин қилинган жазо йўкдир. Лекин беҳуда қасам одобсиз, ишончсиз киши сифатида жамиятда эътиборсиз бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Шу билан бирга, қасам ичишнинг Аллоҳ томонидан тутиладигани ҳам бор экан:
«Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир».
Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси хам боғланмоқда. Худдики, қасам бир ҳиссий нарсаю, уни маҳкамлаш учун тутиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш – айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни, қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.
«Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир».
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилиб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб-беркитишга айтилади. Шариатда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига айтилади. Қасам ичиб, унга амал қила олмай қасамхўр бўлган инсоннинг адо этиши лозим бўлган каффорати, аввало, ўнта мискиннинг қорнини тўйғазишдир. Уларни тўйғазишдаги ўлчов – каффорат берувчининг ўз аҳлига – бола-чақасига берадиган ўртача таом микдоридир. Агар таом беришни хоҳламаса, ўнта мискинга бир сидирға кийим-бош олиб беради. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва урфнинг ўртача кийими бўлади. Учинчи жазо эса, бир қул озод қилишдир.
Қасамхўрга каффорат учун белгиланган ушбу жазо чораларидан Ислом динининг бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани яққол кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани, кулларни озод қилишга тарғиб қилинганидан ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир. Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътиборни қаратиш ва бир ишни албатта қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳнинг номи ила қасам ичган одам, аслида, Аллоҳ таолога нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора белгилаш ҳам мумкин эди. Аммо, Аллоҳ таоло айнан фақир-мискинларга ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.
Оғзи бўш, иродасиз, бир ишга ўзини ундаш учунгина қасам ичадиган шахсларнинг ҳаммаси хам ўнта мискинни тўйғазадиган ёки кийинтирадиган ёхуд бир қул озод қиладиган даражада молиявий имкониятларга эга бўлавермайди. Ораларида камбағаллари ҳам булиши мумкин:
«Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин».
Демак, ундайларга енгиллик сифатида уч кун руза тутиш амр этилмоқда. Ана ўшанда ўзига келади. Ваъз-насихат олади. Келгусида ҳар гапини яхши ўйлаб гапирадиган бўлади. Аллоҳнинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади:
«Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир».
Яъни, инсон қасам ичган бўлса-ю, лекин унга амал қила олмай қасамхўр бўлиб қолса, юқорида зикр этилган жазо чораларини ўташ билан, қасамхўрлик туфайли содир этилган гуноҳларининг каффоратига (беркитилишига) эришади. Зотан, қасам ичиб, унга амал қилган одамга хеч кандай жазо чораси кўрилмайди. Шунинг учун, одам агар қасам ичган бўлса:
«Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ шундай қилиб сизларга Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз».
Аллоҳ таолога қанча шукр қилинса, шунча оз. Содир этилган гуноҳнинг каффоратини кўрсатиб беришининг ўзи ҳар қанча шукрга арзигулик неъматдир.
Манба: “Тафири ҳилол”