“Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар.”
Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади. “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринлари- да оловни еган бўлурлар”. Сўнгра, шу ҳолда – қоринларидаги олов алангалаган ҳолда дўзахга кирадилар. “Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар”.
Дузах алангаси хам авж олиб туради. Демак, етим молини ноҳақ еган одам ичи-ю ташидан ўт/олов азобига гирифтор қилинади. Нақадар дахшатли хол! Нақадар аламли!
Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор.
Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда У зот: “Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар”, дедилар Улар нималар, эй, Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ, ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни (урушдан) қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода айблаш (яъни уларга туҳмат қилиш)”, деб жавоб бердилар.
Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий:
“Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам унинг етим молини еганлигини билиб олади”, деганлар.
Ибн Мурдавайки Абу Барзодан ривоят қилган ҳадисда у зот: «Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган холда тирилтириладилар», дедилар. Одамлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?” деб сўрашди. У зот: “Аллох таоло: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўладилар”, деганини билмайсанми?” дедилар.
Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васаллам: “Икки заифнинг – аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан”, деганлар.
Албатта, бу таълимотлар мусулмонларга ўз таъсирини ўтказган. Уларни қаттиқ, ларзага солган. Улар умуман етимларнинг молига яқин келишдан ҳам қўрқиб қолишган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтган:
“Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар…” ояти нозил бўлганида, етимларни ўз оталиғига олганлар ўз таомини уларнинг таомидан, ичимлигини ичимлигидан ажратиб қўйди. Ортиб қолган таомлар хам то етим ўзи егунча ёки айниб қолгунча турадиган бўлди. Етимларни оталиққа олганларга машаққат туғилди. Бу холни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган эди, Аллоҳ таоло “Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар…” оятини* нозил қилди”.
* бу ерда Бақара сурасининг 220 ояти кўзда тутилмоқда:
https://islommoliyasi.uz/uz/baqara-220/