Ислом ҳуқуқшунослигига кўра акция ва қимматли қоғозлар савдоси қандай амалга оширилади? Имтиёзли акциялар ва деривативлар сотиб олиш жоизми?
Ҳозирги кунда жаҳондаги биржа ва бозорларни асосан 3 гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Товар ва хомашё бозорлари;
2. Қимматли қоғозлар бозорлари;
3. Пул бозорлари.
Бугунги мавзумиз қимматли қоғозлар бозоридаги акциялар савдосини амалга оширишга бағишланади. Акциялар олди-сотдисида бир қанча талаб ва мезонлар мавжуд. Биз ушбу талабларни AAOIFI стандартлари ва Покистоннинг Meezan банкининг бу борадаги кўрсатмаларидан фойдаланмоқдамиз. Улар қуйидагилар:
- Инвестиция қилинайтган корхона фаолияти шариатга тўғри келадиган бўлиши лозим. Шу сабабли анъанавий банклар, суғурта компаниялари ва шариатга тўғри келмайдиган фаолият билан шуғулланувчи корхоналар, яъни спиртли ичимликлар, чўчқадан маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, қимор, тунги клублар, порнография ва бузуқликни таргъиб қилувчи корхоналар акцияларига инвестития киргазиш тақиқланади.
- Корхонанинг фоизли қарзлари жами активларга нисбати 37% дан ошмалиги зарур. Бундан юқори бўлса корхона асосан рибога асосланган манбалар билан молиялаштирилаётган ҳисобланади. Фоизли қарзларга облигациялар, банк кредитлари, молиявий лизинг, депозит сертификатлари, имтиёзли акциялар киради.
- Корхонанинг шариатга мос келмайдиган инвестициялар жами активларга нисбатан 33% дан ошмаслиги зарур. Бундай инвестициялар мутуал фондлар, пул бозорларига қилинган инвестициялар, фоизли банк депозитлари, турли облигациялар, АҚШ ғазначилик қоғозлари, деривативлар ва бошқа инвестициялар кабилардир.
- Корхона олган тақиқланган даромадлари жами даромадларнинг 5% дан ошмаслиги зарур. Бундай тақиқланган даромадлардан садақа қилиш орқали қутулиш ва даромадларни поклаш зарур бўлади.
- Корхонанинг ноликвид активлари 25% дан юқори бўлиши керак. Ноликвид активлар бу тез сотиб пулга айлантириш имконияти бўлмаган активлардир.
- Корхонанинг бир акциясининг бозор нархи бир акцияга ҳисобланган ликвид активлар қийматидан юқори бўлиши лозим.